Россиядан олиб келинаётган наркотик модда тўхтатиб қолинди

18:00 25 Декабрь 2025 Жамият
483 0

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Россия Федерациясидан олиб келинаётган наркотик модда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида жойлашган «Навоий» чегара божхона постига Қозоғистон Республикасидан кириб келган, Бухоро шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Lada Largus» автотранспорт воситаси тегишли тартибда текширувдан ўтказилган.

Натижада автомашина юкхонасида бўлган «Газель» русумли транспорт воситаси учун мўлжалланган узатмалар қутиси (коробка передач) ичида хуфиёна тарзда яширилган, 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 2 кг 300 граммни ташкил қилувчи «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон – Россия йўналишида киракашлик билан шуғулланувчи мазкур фуқаро ушбу автоэҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида кутиб турган, 2000 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган шахсга етказиши маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда буюртмани қабул қилиб олган вақтида у ҳам қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер