Россия ва Хитой етакчилари нима ҳақида гаплашди?

17:43 21 Январь 2025 Дунё
399 0

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ўртасида видео шаклдаги мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик, хавфсизлик масалалари ва иқтисодий ҳамкорликнинг янада ривожлантирилиши муҳокама қилинди.

Владимир Путин Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми жорий йилда 7 фоизга ўсиб, 220-245 миллиард АҚШ долларга етганини таъкидлади. Қайд этиш керакки, Россия Хитойга нефть ва табиий газ етказиб бериш бўйича етакчи мамлакат бўлиб қолмоқда. Путин, шунингдек, икки давлатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Путиннинг таъкидлашича, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг ҳақиқий тарихий мазмунини нотўғри ёки бузиб кўрсатишга йўл қўймаслик, ушбу воқеа ҳақида ҳаққоний маълумотни сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш Россия ва Хитой учун устувор аҳамиятга эга. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба хотираси икки халқ учун муқаддасдир. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Хитой бўлинмас хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликда иш олиб боряпти ва кўп қутбли дунё тартибини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Си Цзиньпин Россия билан муносабатларни 2025 йилда янги стратегик босқичга кўтаришга тайёрлигини билдирди. Унинг айтишича, Хитой ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик нафақат энергетика соҳасида, балки барча жабҳаларда кенг кўламли тараққиётни таъминлаш учун хизмат қилади. Хитой етакчиси, шунингдек, шарқий йўналишдаги Хитой-Россия газ қувури белгиланган муддатдан олдин тўлиқ қувватга чиқарилганини маълум қилди.

Учрашув давомида икки етакчи халқаро майдонда кўп қутбли дунё тартибини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини, иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини билдиришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер