Шавкат Мирзиёев Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазирини қабул қилди

15:53 05 Декабрь 2025 Сиёсат
89 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Туркиянинг етакчи “AKSA” компанияси раҳбари Жамил Казанчи ва “Cengiz Energy” компанияси раҳбари Аҳмет Чингиз ҳам иштирок этди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари, қўшма корхоналар сони, тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпаймоқда.

Туркия компанияларининг мамлакатимиздаги самарали фаолияти, улар билан биргаликда умумий қуввати 1,8 гигаватт бўлган 1 миллиард долларлик замонавий электр станцияларини қуриш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилгани алоҳида таъкидланди.

Энергетика ва геология соҳаларида, шу жумладан, замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришни такомиллаштириш, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер