Россия мигрантларни янада қийин аҳволга солмоқчи

22:43 04 Июль 2025 Дунё
336 0

Россияда мигрантларни назорат қилиш бўйича янги қатъий тартиб жорий этилмоқда. ТАСС ахборотига кўра, Москва шаҳрида мобил қурилмасида геолокацияси ўчирилган мигрантлар автоматик тарзда рўйхатдан чиқарилади.

Бу тартиб Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган буйруқ лойиҳаси орқали амалга оширилади. Ҳужжатга кўра, агар мигрант геолокация функциясини ўчирса ва уч кун ичида махсус мобил илова орқали жойлашуви ҳақида маълумот тақдим этмаса, у 24 соат ичида рўйхатдан чиқарилади. Шунингдек, Россиядан чиқиб кетгани ҳақидаги маълумот ҳам уни рўйхатдан чиқариш учун асос бўлади.

Мазкур буйруқ 2025 йил 1 сентябрдан кучга киради ва 2029 йил 1 сентябрга қадар амал қилади. Бу тартиб яқинда қабул қилинган қонун доирасида жорий этилмоқда. Қонунга асосан, визасиз келган хорижликлар махсус мобил илова орқали рўйхатдан ўтиши ва жойлашуви ҳақида маълумот бериши шарт.

Аввалроқ Россия Давлат Думаси Москва ва Москва вилоятида мигрантларни кузатиш ва ҳисобга олиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисида қонун қабул қилган эди.

Ушбу қонун асосида чет элликлар яшаш жойида мажбурий рўйхатдан ўтиши, бармоқ излари ва биометрик фотосурат топшириши, шунингдек, мобил қурилмасининг геолокациясини ёқиб қўйиши керак бўлади.

Агар мигрант яшаш манзилини ўзгартирса, бу ҳақда уч иш куни ичида Ички ишлар вазирлигига хабар бериши шарт. Россия ҳукуматининг таъкидлашича, ушбу чоралар мигрантлар ҳаракатини қатъий назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?