Ромитанда инсон организмига 95 фоизи сўриладиган маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди

10:31 18 Ноябрь 2024 Жамият
392 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Давлатимиз раҳбарининг “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг бир қатор шаҳар ва туманларида инновацион ҳудудлар ташкил этилган. Шулардан бири Ромитан инновацион ҳудудидир.Мазкур зонада яқинда мамлакатимизда биринчилардан бўлиб инсон организмига 95 фоизи сўриладиган спирулина кукуни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

— Дунё озиқ-овқат саноатига назар ташланса, биологик фаол қўшимчалар одамларнинг кунлик истеъмол маҳсулотига айланиб бораётганини сезиш қийин эмас, — дейди республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Икром Муродов. — Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, улар овқатланишдаги камчиликларни бартараф этиб, соғлом моддалар ўзлаштирилишига кўмаклашади. Тананинг ички қувватини яхшилайди, кўплаб касалликлар хавфини камайтиради. “Greenvit Bukhara” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бу лойиҳа шу жиҳати билан аҳамиятлидир.

Сир эмас, сайёрамизда экология ёмонлашмоқда. Биологик фаол қўшимчаларга эҳтиёж ошаяпти. Негаки, одамлар организмида микроэлементлар, нутиентлар, минерал моддалар, оқсилларнинг танқислиги кузатилмоқда. Биологик фаол қўшимчалар шу танқисликка барҳам беради. Негаки, камқонлик, йод танқислиги, суякларнинг мўрт бўлиб қолиши каби қатор хасталиклар бевосита минерал моддалар, нутриентларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.

Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашларича, табиий спирулина ер юзида 3,5 миллиард йил давомида мавжуд бўлган. Ундаги протеин миқдори 60-70 фоизга етади. Таркиби витаминларга бой. Тўйинмаган ёғли кислотаси қон босимини меъёрга келтириш ва холестеринни тушириш учун идеал модда саналади. Органик спирулина кукуни иммун тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Оқсил миқдори 60 дан 70 фоизгача. Бу соя фасулясидан икки, мол гўштидагидан уч ярим, тухумдагидан тўрт баравар юқори.

Спирулина таркибидаги биологик синк ва темирнинг нисбати инсон танасининг физиологик эҳтиёжларига мос келади, организмда осон сўрилади. Спирулина кукуни шунингдек, оқсил манбаидир.Спортчилар ва фитнес ихлосмандларига маъқул тушиши тайин. Чунки интенсив машғулотлардан сўнг у мушакларни тиклайди.

Корхонада йилига 10 000 дона флакон ва худди шу миқдорда пакетда қадоқланган спирулина кукуни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ҳозирдаёқ буюртмачилар билан маҳсулот етказиб бериш юзасидан салкам бир миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?