Риштон ва Майдзуру ўртасидаги таълим ҳамкорлиги доирасида икки нафар ўқувчи Японияга ўқишга йўл олмоқда

10:31 23 Декабрь 2025 Жамият
211 0

Риштон тумани ва Япониянинг Майдзуру шаҳри ўртасида имзоланган меморандум асосида ҳар йили Риштон туманидаги япон тилига ихтисослашган мактаб ўқувчилари ушбу мамлакатда грант асосида таълим олиш имкониятига эга бўлиб келмоқда.

Мазкур ҳамкорлик доирасида ҳар йили декабрь ойида махсус саралаш имтиҳонлари ўтказилади. Имтиҳон натижаларига кўра энг юқори кўрсаткичларга эришган ўқувчилар Япониядаги таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинади. Жорий йилги имтиҳонлар якунига кўра риштонлик ўқувчилар Даврон Зайлобиддинов ва Акбаршоҳ Абдуқодиров Япониянинг Майдзуру шаҳрида жойлашган политехника коллежига ўқишга қабул қилинди.

Куни кеча Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов танлов ғолиблари билан учрашиб, уларни қўлга киритилган ютуқ билан табриклади ҳамда Кунчиқар юртдаги таълим жараёнида муваффақият тилади. Учрашув давомида белгиланган тартибда тегишли шартномалар имзоланди.

Маълум қилинишича, мазкур ўқувчилар 2026 йилнинг март ойида Японияга жўнаб кетиши режалаштирилган.

— Ўқувчиларимиз Японияда бўлиб, имтиҳонларни япон тилида топширишди ва билим ҳамда салоҳият борасида япониялик тенгдошларидан кам эмаслигини амалда исботладилар, — дейди Риштон туманидаги япон тилига ихтисослашган мактаб директори Ғанишер Назиров. — Бу мактабимизда таълим сифати ва самарадорлиги юқори даражада йўлга қўйилганидан далолат беради.

Айтиш жоизки, Риштондаги япон тили мактабидан иқтидорли ўқувчиларнинг Японияда таҳсил олиши йилдан йилга барқарор анъанага айланиб бормоқда. Шу кунга қадар мазкур таълим муассасасини тамомлаган 300 нафардан ортиқ ўғил-қизлар Японияда ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлди. Айниқса, 2019 йилда Риштон тумани ва Майдзуру шаҳри ўртасида меморандум имзоланганидан сўнг ўзаро ҳамкорлик янада фаол босқичга кўтарилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер