Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалига директор тайинланди

11:48 25 Ноябрь 2020 Жамият
249 0

Ўзбекистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Рентгенендоваскуляр жарроҳлик бўлими раҳбари вазифасида ишлаб келган Юлдошев Набижон Пиримович шу марказнинг Қарши филиали директори этиб тайинланди.

Тиббиёт фанлари доктори Набижон Юлдошев Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази навбатчи шифокори, аспиранти, юрак аритмияси лабораторияси кичик илмий ходими, юрак аритмиясининг оғир турларини жарроҳлик йўли билан даволаш ва электрофизиология текшируви бўлими мудири лавозимларида ишлаган.

2016 йилда Швейцарияда беморларни даволашнинг юқори технологик усули — “тери орқали аортал клапан имплантацияси – TAVI” жарроҳлик амалиётини ўзлаштирди ва мамлакатимизда уни биринчилардан бўлиб амалга оширди.

2018 йилда Набижон Юлдошев Хитой Халқ Республикасида юрак туғма нуқсонларини катетер орқали ёпиш усулини ўзлаштириб, ҳозирга қадар болалар ва катталарда учрайдиган бўлмачалараро тўсиқ дефекти, қоринчалараро тўсиқ дефекти, очиқ артериал йўл сингари юракнинг бир қатор мураккаб туғма нуқсонларни катетер орқали окклюдерлар билан ёпиш амалиётларида муваффақиятли иштирок этган.

У дунёнинг бир қатор давлатларида – Россия, Франция, Япония, Хитой, Полша, АҚШ, Корея Республикасидаги конгресс ва форумларда ўз маърузалари билан қатнашган.

Cоҳадаги самарали фаолияти эътироф этилиб, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?