Реновация дастури: янги уйлар фойдаланишга топширилди

16:22 04 Сентябр 2025 Жамият
234 0

Марғилон шаҳридаги “Ипакчилар” ва “Қиргули” маҳалла фуқаролар йиғинларида 250 га яқин аҳоли хонадонлари ўрнида 36 та 7 қаватли – 2 минг 520 та хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилмоқда.

Шу кунларда “Ипакчилар” МФЙда 11 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Ўтган қисқа вақт ичида бу ерда шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида янги уйлар мажмуаси барпо этилди.

— Янги уйларга кўчиб ўтган ҳамшаҳарларимизнинг қувончи чексиз, — дейди меҳнат фахрийси Ғуломқодир Мамажонов. — Бундан буён эски, кўримсиз уйлар йўқ, уларнинг сурати тарих музейларидан жой эгаллайди. Яшил хиёбонлар, кенг ва равон кўчаларда юриш, шинам хонадонларда яшашнинг завқи бошқача бўлади.

Қўқон шаҳрида ҳам Реновация дастури асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айни жараёнда “Ғиштли Масжид” маҳалласининг Мовароуннаҳр кўчасидаги 3 та 2 қаватли маънан эскирган уйлар ўрнида янги тураржой бинолари қурилиши белгиланган эди.

Юртимизда истиқлол байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда ушбу маҳаллада З та етти қаватли – 119 хонадонли уйлар тўлиқ битказилиб, ўз эгаларига топширилди.

Марғилон ва Қўқон шаҳрида Реновация дастури бўйича олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?