Рекламаларда нархларни хорижий валюталарда кўрсатаётганлар огоҳлантирилди

11:57 30 Апрель 2025 Жамият
174 0

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) рекламаларида нархларни хорижий валюталарда кўрсатиш кенг тарқалаётгани юзасидан реклама берувчи, тайёрловчи ва реклама тарқатувчиларни огоҳлантирди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, рекламада нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш тақиқланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

«Қонунда истеъмолчиларга — жисмоний ёки юридик шахсларга йўналтирилган реклама учун истиснолар белгиланмаган. Қиймат кўрсаткичларини ўз ичига олган ҳар қандай реклама-ахборотида нархлар сўмда кўрсатилиши керак», — дейилади қўмита хабарида.

Бундан ташқари, нархларни сўмда кўрсатишга доир талаблар ҳар қандай очиқ реклама-ахборотига, шу жумладан, интернет тармоғида эркин фойдаланиши мумкин бўлган очиқ саҳифага жойлаштирилган ахборотларга ҳам бевосита тааллуқли ҳисобланади.

Реклама-ахборотида товар (иш, хизматлар) тўғрисида маълумотларни хорижий валютада кўрсатилиши реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келади ҳамда тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

«Ҳурматли тадбиркорлар, Сиздан ўз фаолиятингизга доир реклама маълумотларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишингизни сўраб қоламиз», — дейилади қўмитанинг огоҳлантириш хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер