«Реал Мадрид» Англияда мағлуб бўлди, «Бавария» Париждан ғалаба билан қайтди

11:00 05 Ноябрь 2025 Спорт
246 0

Кеча, 4 ноябрь куни УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 4-тур ўйинлари якунланди. Кун доирасида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу баҳсларга тўхталиб ўтамиз.

Марказий ўйин 1

Ушбу турнинг биринчи кунида мухлислар иккита марказий баҳсга гувоҳ бўлдилар. Дастлабки беллашув Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтди. Унда шу шаҳар номи билан аталадиган жамоа — «Реал Мадрид»ни қабул қилди.

Таъкидлаш керакки, сўнгги учрашувларда қатор мағлубиятларни қабул қилиб олган «Ливерпуль»га ушбу ўйин олдидан аутсайдер сифатида қаралаётган эди. Аммо Арне Слот бошчилигидаги жамоа бу баҳсни ўз фойдасига ҳал этишни уддалади.

Мезбонлар асосий таркибига назар ташласак, марказий ҳимояда Ван Дейк ва Конате жуфтлиги ҳаракат қилди. Қанотларда Брэдли ва Робертсонга ишонч билдирилди.

Таянч яримҳимоядан Гравенберҳ ва Макаллистер ўрин олди. Ҳужум қанотларида Муҳаммад Салоҳ ва Собослаи, ҳужум чизиғида Виртц ҳамда Экитике ҳаракат қилди.

«Қироллик клуби»нинг марказий ҳимояси Милитао ва Ҳейсен жуфтлигидан иборат бўлди. Ҳимоя қанотларида Валверде ва Каррерас ўйнади.

Марказда Чуамени, Камавинга, Гулер ва Беллингҳэм ҳаракат қилди. Ҳужум чизиғида Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе жой олди.

Учрашувнинг биринчи бўлими қизиқарли тус олди. Тайм давомида «Ливерпуль» 9 та, «Реал Мадрид» эса 6 та зарба йўллади. Аммо дастлабки бўлим 0:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 63-дақиқасида ўйин тақдирини ҳал қилган гол киритилди. Собослаининг ажойиб узатмасидан сўнг, Макаллистер ўйиндаги ягона голни урди. Шу тариқа баҳс 1:0 ҳисобида «мерсисайдликлар»нинг ғалабаси билан якунланди.

«Ливерпуль» — «Реал Мадрид» 1:0

Гол: Макаллистер (61)

«Ливерпуль»: Мамардашвили, Ван Дейк, Конате, Виртц (Киеза, 88), Собослаи, Макаллистер (Жонс, 78), Салоҳ, Брэдли, Экитике (Гакпо, 79), Робертсон (Керкез, 88), Гравенберҳ.

«Реал Мадрид»: Куртуа, Милитао, Ҳейсен, Валверде (Диас, 90), Каррерас, Чуамени, Камавинга (Родриго, 69), Гулер (Трент, 81), Беллингҳэм, Винисиус, Мбаппе.

Огоҳлантиришлар: Макаллистер (52) — Винисиус (23), Ҳейсен (45+1), Беллингҳэм (60), Каррерас (90+5), Алонсо (90+6)

Марказий ўйин 2

Тур доирасидаги яна бир марказий тўқнашув Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда мусобақанинг амалдаги чемпиони — ПСЖ клуби Германия футболи байроқдори «Бавария»ни қабул қилди.

Учрашув олдидан қайси жамоа фаворит эканини аниқлаш қийин эди. Сабаби, ПСЖ ўз майдонида максимал спорт формадаги жамоа бўлса, «мюнхенликлар» кетма-кет 15 та ғалабали серияга эга эдилар. Якунда ушбу серия 16 ўйинга етди.

Беллашув мавсум бошида Ливерпульдан «Бавария»га кўчиб ўтган Луис Диаснинг бенефисига айланди десак муболаға бўлмайди. Баҳснинг 4-дақиқасидаёқ колумбиялик ҳужумчи ҳисобни очди. 32-дақиқада Луиснинг ўзи ҳисобдаги фарқни икки бараварга етказди.

Бироқ Диасга биринчи бўлимни охирига етказиш насиб этмади. Ҳакем томонидан қўшиб берилган дақиқаларда у ПСЖ футболчиси Ашраф Ҳакимӣга нисбатан қўпол ўйнагани учун майдондан четлатилди. Биринчи бўлим 0:2 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида майдон эгалари ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлдилар. Жоау Невеш ПСЖнинг ягона голига муаллифлик қилди. Шу тариқа баҳс 1:2 ҳисобида якунланди.

ПСЖ — «Бавария» 1:2

Голлар: Невеш (74) — Диас (4, 32)

ПСЖ: Шевале, Ҳакими (Маюлу, 45+7), Маркинос, Пачо, Нуну Мендеш, Заир-Эмери, Фабиан Руис (Невеш, 66), Витинья, Барколя (Рамуш, 66), Хвича, Дембеле (Ли Канг Ин, 25).

«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та, Киммих, Гнабри (Бишоф, 46), Олисе, Павлович, Станишич, Лаймер, Диас, Кейн (Горецка, 88).

Огоҳлантиришлар: Мендеш (84) — Бишоф (47), Нойер (49), Станишич (84)

Четлатиш: Диас (45+7)

«Арсенал»дан йирик ғалаба

Англия Премьер-лигасида етакчи бўлиб турган «Арсенал» жамоаси ушбу турни Чехияда ўтказди. Ўтган турларда «Олимпиакос», «Атлетик» ва «Атлетико» каби жамоаларни мағлуб этган «тўпчилар» бу сафар «Славия Прага» майдонига сафар қилдилар.

«Арсенал» ушбу ўйинда тўлиқ асосий таркиб билан ўйнади. Марказий ҳимоя Салиба ва Габриэл жуфтлигидан ташкил топди. Ҳимоя қанотларида Тимбер ва Инкапиэ ҳаракат қилди.

Марказ Норгард, Нванери ва Райсга ишонилди. Ҳужум триосидан Сака, Троссар ва Мерино ўрин олди.

Учрашувда ҳисоб 32-дақиқада пенальтидан очилди. «Славия Прага» жамоаси дарвозаси томон белгиланган пенальтидан Букайо Сака аниқ фойдаланиб ҳисобни очди. Биринчи бўлим 0:1 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқасида Мерино ҳисобдаги фарқни 2 тага етказди. 68-дақиқада эса Меринонинг ўзи ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб 0:3 «Арсенал» фойдасига.

«Славия Прага» – «Арсенал» 0:3

Голлар: Сака 32 (пен), Мерино 46, 68

«Славия Прага»: Маркович, Влчек (Дудера, 70), Халоупек, Зима, Мозес (Ҳасиока, 74), Зайферис (Чам, 70), Садилек, Мбоджи, Провод, Хори, Санянг (Кушей, 74).

«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт, 72), Салиба, Габриэл, Инкапиэ (Левис-Скелли, 72), Райс (Ҳарриман, 81), Троссар (Доуман, 72), Нергор, Мерино, Нванери (Эзе, 65), Сака.

Огоҳлантиришлар: Зайферис 70, Дудера 83 – Нванери 24, Мерино 37, Норгард 75, Левис-Скелли 79

«Ювентус» дуранг ўйнади

Ушбу ўйин олдидан ўз мураббийи Игор Тудорни Лучано Спалеттига алмаштирган Туриннинг «Ювентус» клуби ушбу турда Португалиянинг «Спортинг» жамоаси билан куч синашди. Баҳс дуранг натижа билан якунланди.

Учрашувнинг 12-дақиқасида меҳмонлар футболчиси Максимилиано Араухо ҳисобни очди. 34-дақиқада «кекса сеньора» етакчиси Душан Влахович ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим 1:1 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимда майдон эгаларида қатор яхши вазиятлар бўлди. Спалетти шогирдлари бутун бўлим давомида 9 марта «Спортинг» дарвозаси томон зарба йўллашди. Аммо, якунда гол урилмади. Шу тариқа учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

«Ювентус» – «Спортинг» 1:1

Голлар: Влахович 34 – Араухо 12

«Ювентус»: Ди Грегорио, Калулу, Гатти, Камбиязо, Маккенни, Копмейнерс, Локателли (Миретти, 83), Тюрам (Костич, 72), Консейсау, Йилдиз (Давид, 87), Влахович (Адзич, 83).

«Спортинг»: Силва, Вагианнидис (Куарежма, 67), Диоманде, Инасиу, Араухо, Юлман, Симоес (Морита, 82), Кенда, Тринкан, Гонсалвеш (Алиссон Сантос, 82), Иоаннидис (Суарес, 72).

Огоҳлантиришлар: Тюрам 24, Камбиязо 27 – Гонсалвеш 33, Араухо 61, Юлман 73

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?