Рақамлаштиришда ижобий натижаларга эришган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тақдирланди
Шунга бағишланган тақдирлаш маросимига Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаби мезбонлик қилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг ҳузурида «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси томонидан ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, ташкилотда рақамлаштириш бўйича олиб борилган фаолият натижадорлигидан келиб чиқиб, рағбатлантириш чораларни кўриш бўйича вазифалар белгиланган.
Тақдирлаш маросимида вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, корхона, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар ҳозир бўлди.
Таъкидланганидек, "Рақамли Ўзбекистон — 2030" стратегияси доирасида ҳудудларни ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари белгиланди. "Элeктрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идeнтификациялашнинг ягона ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ишга туширилди (www.id.egov.uz). Эски тизимда рўйхатдан ўтган актив фойдаланувчилар маълумотлари янги тизимга автоматик миграция қилинди, ва бугунги кунда унинг фойдаланувчилари сони 220 мингтага ортиб, 820 мингтага етди (эски тизимда 600 мингта эди).
Давлат органларида электрон ҳукуматнинг жорий этилган ва жорий этилаётган ахборот тизимлари ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш, шунингдек, лойиҳа-техник ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри ахборот тизими ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилди (www.reestr.uz).
Шунингдек, Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри (www.cs.egov.uz) ахборот тизимининг янги талқини ишлаб чиқилди ва синов тариқасида ишга туширилди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади — электрон давлат хизматларини кўрсатишда давлат идоралари ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги доирасида ягона талабларга мувофиқ замонавий маълумотномалар ва таснифлагичларни шакллантириш, сақлаш, янгилаш ва таъминлашдан иборат. Бугунги кунга келиб Регистрда 13 та ташкилот томонидан 41 та классификатор киритилган.
2020 йил декабрь ойида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган талқини ўз фаолиятини бошлади. Бунда порталга бир неча янгилик ва ўзгартиришлар киритилди, жумладан, электрон тўлов имкониятлари кенгайтирилди, портал интерфейси янгиланди ҳамда статистик маълумотлар янада аниқроқ ва кенгроқ ёритилди. 2020 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 50 та янги хизмат жорий этилиб, уларнинг сони 250 дан ошди. Шунингдек, Ягона порталнинг мобил талқини ҳам ишга туширилиб, бугунги кунда унда 35 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида, ҳудудларда почта алоқаси бўлинмаларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини тақдим этиш йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 700 дан ортиқ почта объектларида 17 та хизматни кўрсатиш йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар Ягона порталда янги хизматларни жорий этиш орқали хизматлар сонини 300 тага етказиш режалаштирилган.
Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилмоқда. Ушбу янгиланган портал давлат органларининг ахборот тизимлари интеграциясини назарда тутади ва маълумотларни ўз вақтида янгилашнинг мониторинг тизимини таъминлайди. Бугунги кунга қадар порталда 149 та давлат идоралари томонидан 11 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган бўлиб, улардан фойдаланишлар сони 7,5 миллиондан ортиқдир.
Давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг рақамли ривожланиши ҳолатларининг «диагностикаси»ни ўтказиш, муаммоли масалаларни аниқлаш ва агар керак бўлса, бугунги кунда уларни ҳал қилиш йўлларини аниқлаш мақсадида махсус баҳолаш методикалари ишлаб чиқилди.
Мазкур методика доирасида давлат органларида рақамлаштириш даражасини рейтингли баҳолашни автоматлаштирилган тарзда олиб бориш ҳамда рақамлаштириш ҳолати юзасидан долзарб маълумотларни бир жойда сақланишига қаратилган NIS.UZ идоралараро автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинди.
2020 йил декабрь ойида ушбу методика асосида баҳолаш жараёни амалга оширилди. Баҳолашда жами 107 та ташкилот иштирок этиб, шундан 59 таси давлат ва 48 таси хўжалик бошқаруви органларини ташкил этди. Баҳолаш натижасига кўра давлат органлари орасида 16 та (27,1%) ташкилот «яхши», 9 та (15,3%) ташкилот «қониқарли», 34 та ташкилот (57,6%) «қониқарсиз» баҳо олган. Хўжалик органлари орасидан «яхши» баҳони 5 та (10,4%) ташкилот, «қониқарли» баҳони 12 та (25%) ва «қониқарсиз» баҳони 31 та (64,6%) хўжалик органи олган.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларида рақамли инфратузилма, рақамли иқтисодиёт ва рақамли таълим даражаси ҳолати юзасидан ўтказилган баҳолашда жами 203 та туман ва шаҳарлар иштирок этди. Баҳолаш натижасига кўра 28 та (14%) туман ва шаҳарлар «яхши», 59 та (29%) туман ва шаҳарлар «қониқарли», 116 та (57%) туман ва шаҳарлар «қониқарсиз» баҳога эга бўлган.
Ҳозирги кунда баҳолаш натижаларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан тегишли ўрганиш ишларини ташкиллаштириш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда рақамлаштириш бўйича рейтингда юқори натижаларга эришган, электрон ҳукумат йўналишида лойиҳаларни самарали амалга оширган бир гуруҳ вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари статуэтка ва совғалар билан тақдирландилар.
Номинация ғолиблари:
1. «Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкор» номинацияси — БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси;
2. «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва фаолиятни рақамлаштириш борасида энг юқори натижага эришган давлат бошқаруви органи» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси;
3. «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва фаолиятни рақамлаштириш борасида энг юқори натижага эришган хўжалик бошқаруви органи» номинацияси — «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси;
4. «Ижтимоий соҳа объектларини телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминланганлиги бўйича энг илғор ҳудуд» номинацияси — Хоразм вилояти ҳокимлиги;
5. «Электрон давлат хизматларини кўрсатишда энг юқори натижага эришган ташкилот» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари агентлиги;
6. «Ахборот тизимлари ва инфратузилмаси юқори даражада ривожланган ташкилот» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
7. «Энг яхши IT-бўлинмага эга ташкилот» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;
8. «Энг қулай ва интерактив сайт» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
9. «Очиқ маълумотлар борасида энг фаол ташкилот» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
10. «Суд-ҳуқуқ соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Олий Суди;
11. «Электрон давлат хизматлари соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — Ўзбекистон Республика Товар-хом ашё биржаси;
12. «Энг яхши ички жараёнларни автоматлаштирган ташкилот» номинацияси - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
13. «Молия соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — АТБ «Капиталбанк»;
15. «Архитектура, қурилиш ва кадастр соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;
16. «Энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги;
17. «Энг оммабоп мобил илова» номинацияси — “INSPIRED” МЧЖ ҚК (“Payme” мобил иловаси).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг