Рамазон ойида эҳтиёжмандларга амалий ғамхўрлик кўрсатилмоқда

12:10 23 Февраль 2026 Жамият
277 0

Сурхондарё вилоятида муборак Рамазон ойи муносабати билан саховат ва хайрия тадбирлари кенг қулоч ёймоқда. Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ушбу қутлуғ ойни муносиб ўтказиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар 8 290 та оилага зарур маҳсулотлар етказиб берилди. Бу хайрли ташаббус орқали юзлаб хонадонлар қалбига қувонч, дастурхонига барака кириб бормоқда.

Куни кеча вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон тумани студияси орқали ўтказилган навбатдаги оммавий қабул аввалида юртдошларимизни меҳр-мурувват, бағрикенглик ва шукроналик ойи — Рамазон билан самимий муборакбод этди.

Қабул жараёнида марказий ва ҳудудий студиялар орқали 142 нафар фуқаронинг жами 165 та турли масаладаги мурожаати тингланди. Ҳар бир мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда, аниқ муддатлар асосида кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши юзасидан вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Шундан сўнг марказий ва ҳудудий студияларда туман ҳокимлари томонидан 3 мингдан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, шунингдек, якка ёлғиз истиқомат қилувчи кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Айни пайтда ҳудудларда уй шароитида парваришланаётган, қабулда иштирок этиш имконияти бўлмаган якка ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Рамазон ойи давомида саховат ва меҳр-мурувват тадбирлари изчил давом эттирилиб, 15 мингга яқин оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш режалаштирилган. Бу эзгу амаллар жамиятда ўзаро ҳурмат, инсонпарварлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер