Рамазон ойида 1 минг 743 та масжидда хатми Қуръон тадбирларини ўтказиш режалаштирилган — Дин ишлари бўйича қўмита

16:46 28 Февраль 2025 Жамият
174 0

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу фазилатли ойда “Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида ишлар ташкил қилинади.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатимизда 2 минг 145 та масжид фаолият юритмоқда. Ўтган даврда 64 тасида тубдан қайта қуриш ҳамда 17 тасида таъмирлаш ишлари якунланди.

Ўзбекистон ва Кавказ мусулмонлари идоралари, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармалари, Туркиянинг Диёнат бошқармаси Фатво ҳайъатлари масъуллари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти вакили иштирокида онлайн йиғилишлар ташкил этилди.

Мулоқотларда 2025 йилда Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди. Фатво ҳайъатлари аъзолари ўртасида Рамазон ойининг биринчи куни 1 март, шанба кунига тўғри келиши бўйича бир овоздан якдил хулоса қилинди.

— Фазилатли ой давомида эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этилади, — дейди И. Маърупов. — Қолаверса, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экиш ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ҳамда исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш каби вазифалар диққат-марказимизда бўлади.

Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, юртимиз мўмин-мусулмонларига ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда имом-хатиблар масъулиятини янада ошириш бўйича Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қўшма дастури ҳамда Медиа режа ишлаб чиқилди.

Маълумот учун, жорий Рамазон ойида 1 минг 743 та масжидда хатми Қуръон тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

Иқбол ПАРДАЕВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?