Раддияга раддия. Пойтахт ҳокимлиги ва Бош прокуратура ахборот ҳаққонийлиги юзасидан «жанг» бошлади

Бош прокуратура кеча, 3 февраль куни, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига 635 млн сўм кредит расмийлаштирилишига эришиб, ушбу пулларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани ҳақида хабар берди.
Келтирилишича, ҳоким ёрдамчиси 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан қабул қилиб олган электрон калитларидан фойдаланиб, жами 427,7 млн сўмлик кредит маблағларини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
У шунингдек, ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлсада, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн сўм миқдорида ажратилган маблағларни ҳам ўзлаштириб юборган.
Бош прокуратурага кўра, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ орадан бир кун ўтиб, бугун, 4 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс йўқлигини иддао қилиб, Бош прокуратура хабарига раддия берди.
Унга кўра, Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларидан бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган М.Ф. 2024 йил ноябрь ойининг 29 санасида ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилган.
«Оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз», дея алоҳида таъкидланган пойтахт ҳокимлигининг расмий муносабатида.
Ёлғон ахборот тарқатганликда айбланаётган Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам сал ўтиб, юқорида номи келтирилган икки ҳокимлик раддияси юзасидан раддия эълон қилди.
Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси томонидан содир этилган жиноят бўйича ижтимоий тармоқларда жамоатчиликни чалғитишга қаратилган хабарлар ва баёнотлар эълон қилинмоқда, дея бошланади Бош прокуратура муносабати.
Ахборот давомида келтирилишича, М.Ф. 2022 йилнинг 7 октябрь кунидан 2024 йилнинг 29 ноябрь кунига қадар Шайхонтоҳур тумани «Камолон Дарвоза» маҳалла фуқаролар йиғинининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб, туман ҳокимининг 2024 йил 14 декабрдаги тегишли қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Таъкидланишича, М.Ф. айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган даврида юқорида қайд этилган иқтисодий жиноятга қўл урган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси
- Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
- Президент «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг