Работак маҳалласида 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига ер ости ўтиш йўли барпо этилди

14:02 29 Апрель 2023 Жамият
1308 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро туманидаги “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида оз эмас, кўп эмас, 6,6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалланинг қоқ ўртасидан М-37 Самарқанд-Бухоро – Туркманбоши автомобиль йўли ўтган.Унинг 262- километрида замонавий ер ости ўтиш йўли барпо этилиб фойдаланишга топширилди.Иншоот аҳоли мурожаатлари асосида маҳалла фуқаролар йиғинининг фидойи ёшлар етакчиси Зарина Тоҳирова ташаббуси билан қурилди.

  “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси қурувчилари томонидан 4 миллиард 700 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилган мазкур иншоот замонавий талабларга жавоб бериши, ўзига хос дизайни билан эътиборни тортади. Энг муҳими, у пиёдалар учун қулай ва хавфсиздир. Негаки, ушбу манзилдан чамаси 1,5-2 километр юрилса Бухоро шаҳрига кирилади. Магистрал йўл эса одатда, автомашиналар билан тирбанд. Ўнлаб намунавий уй – жойлар қад ростлаган, шаҳарча қиёфасини олган Работакнинг ўзида 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.Аҳолининг 175 нафари мактаб ёшидаги ўғил – қизлардир. Бу рақамни бежиз тилга олмаяпмиз.Шу болалар магистрал йўлнинг нариги томонида жойлашган 16 – умумтаълим мактабида сабоқ олишади. Аҳолининг бир қисми у ёки бу юмуш сабаб туман маркази Галаосиё, шунингдек, Ромитан, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон томонларга бориб келади.

-Шу кунга қадар ота – оналарнинг кўпчилиги магистраль йўлнинг серқатновлиги сабаб фарзандидан хавотир олиб турарди,- дейди шу маҳаллада яшовчи 78 ёшли отахон Жўрахон Собиров.

- Ўзимиз ҳам шу тирбанд йўлдан минг бир ҳадик билан ўтардик. Ташвишимиз енгиллашди. Мен вилоятимизнинг турли ташкилотларида узоқ йиллар ишлаганман. Бир муддат маҳалла оқсоқоли ҳам бўлганман.Инсон қадри-у қиммати улуғланаётган шу кунларга етказганига минг карра шукр.

 Замонавий ер ости ўтиш йўлини фойдаланишга топшириш муносабати билан байрамона тадбир ўтказилди.Маросимда вилоят ҳокими Б. Зарипов иштирок этди.

 

 

Истам ИБРОҲИМОВ, (Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?