Қува туманида «қарздорлик эпидемияси» авж оляптими?

2020 йилнинг 1 декабрь ҳолатига Фарғона вилоятида аҳолининг электр энергиясидан бўлган қарзи (2020 йилнинг 1 августига нисбатан) 32 млрд. сўмдан зиёдга кўпайди. Қува ва Бағдод туманида қарздорлик 5 млрд. сўмдан ортиб кетди. Бу икки туманда қарздорлик корхона-ташкилотлар эмас, асосан аҳоли ҳиссасига тўғри келаётгани ачинарлидир.
2020 йилнинг 1 август ҳолатига Қува туманида электр энергиясидан бўлган умумий қарздорлик 11 млрд 99 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 1 декабрга келиб қарздорлик 16,5 млрд. сўмдан ошди. Кейинги уч ойда қуваликларнинг электр энергиясидан бўлган қарзи 5 млрд. 400 млн.га кўпайиб – салкам 14 млрд. сўмга етди.
— Бу туман ҳудуди тўлиқ «Қува-110” тармоғи орқали электр энергияси билан таъминланади, — дейди «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Қува туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Ойбек Акбаров. — Шу тармоқ ўчса, бутун туман электр энергиясисиз қолади. Шифохоналар, ҳарбий қисмлар, тадбиркорлик субъектларида бирдек чироқ ўчади...
Корхона раҳбари қиш мавсумида телефон қўнғироқларига жавоб бериш, кўча-куйда юриш ёки турли тадбирларга боришга ҳам юраги безиллаб қолганини таъкидлайди. Аммо истеъмолчилар орасида шунчаки севимли турк сериали ёки Европа футболини вақтида кўра олмай қолаётгани учун шикоят қилиб келадиганлари ҳам йўқ эмас.
Бугунги кунда Қува туманида 50 мингдан ортиқ хонадонда 260 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Корхонада эса аҳолидан тўловларни йиғиш учун атиги 10 нафарга яқин ходим бор. Тиғиз мавсумда мутахассис етишмаслиги сабабли монтёрларни ҳам маблағ йиғишга жалб этиб, тизимда учрайдиган турли кутилмаган фалокатларни бартараф этишга улгура олмаслик ҳолатлари ҳам кўп учрайди.
Тўғри, куз-қиш мавсуми учун туманда 5 та авария бригадалари ташкил этилиб, уларга 4 та транспорт бириктирилди. Бригада аъзолари туманнинг энг чекка ҳудудига ўртача 25-30 дақиқада етиб боради. 2020 йилги дастурга кўра туманда 13 та ўрнига 19 та трансформатор олиб келиб ўрнатилди. 57 та трансформатор қишга тўлиқ таъмирланди. 48 километрга янги тармоқлар тортилди. Аммо бу ҳаракатлар ҳозирча умумий ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш учун етарли эмас. Чунки бугун туманда 634 та трансформатор мавжуд.
Корхона мутахассислари аҳолидан тўловларни ўз вақтида йиғиб олиш учун яна 10 нафар ҳудудий инспекторларга эҳтиёж борлигини таъкидлашди. Кейинги йилларда соҳага ёшларни жалб этиш имкони бўлмаяпти. Чунки бу тизимда ишлаш учун, энг аввало, ихтисослашув, билим ва малака зарур. Айни пайтда корхонада 88 та штат мавжуд. Аммо ёш ва билимли мутахассисларга катта эҳтиёж бор.
Корхона раҳбарининг қайд этишича, аҳолининг дебитор қарздорлигини йўқотиш учун биринчи навбатда хонадонларга ўрнатилган электр сарфи ҳисоблагичини тўлиқ замонавийсига алмаштириш керак. Аҳоли хонадонларига Тошкентда ишлаб чиқарилаётган янги электр ҳисоблагичлар ўрнатишни 2021 йилнинг 1 июнь санасига тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар эса туманда бор-йўғи 13 минг хонадонга янги электр ҳисоблагичлар ўрнатилиб, унинг 6 мингтаси ишга туширилди. Ваҳоланки, туманда шундай ҳисоблагичлар ўрнатилиши керак бўлган 50 мингдан ортиқ хонадон бор. Бу ишларни белгиланган муддатда тўлиқ бажариш учун янги тизим асосида ишловчи электр ҳисоблагичлар ўз вақтида етказиб берилмаяпти.
Электр таъминоти тизимидаги муаммолар барчамизга яхши маълум. Тизимдаги эски ва эскирган иш услуби билан эса йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммоларни ҳал этиш имкони йўқ. Энг аввало, ходимлар дунёқарашини ўзгартириш, тизимни замонавий мезонлар асосида ислоҳ этиш зарур.
Ана шунда бугунгидек жабрдийда ҳам, айбдор ҳам истеъмолчи бўлиб қолмайди. Яна қайдам...
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг