«Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши ўрганилди
Фото: Давронбек Эрназаров/«Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилишга оид қисми Қашқадарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, вилоятда умумий йўналишда 17 та қутқарув тузилмаси, 284 та объектда штатдан ташқари тузилмалар, 5 та қутқарув хизмати тузилмаси ва фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматининг 18 та тузилмаси ташкил этилган.
Бундан ташқари, вилоятда «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳарбийлаштирилган қисмда 10 та қутқарув гуруҳидан иборат бўлган махсус қутқарув отрядларида 711 нафар профессионал қутқарувчи фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2024 йил ва 2025 йилнинг 9 ойида 199 та махсус-тактик ўқув машқи ўтказилган.
Вилоятдаги корхона ва муассасаларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишга, аҳолининг қутқарув ишлари бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилган.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фаолиятини ташкил этишда қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, вилоятда қутқарув йўналишидаги профилактик тадбирлар самарали ташкил этилмагани оқибатида 2024 йил ва 2025 йилнинг 9 ойи давомида содир бўлган биргина ёнғинлар оқибатида (1 813 та) 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 58 нафари куйиш билан боғлиқ тан жароҳати олган. Бундай фожиали кўрсаткич 2025 йилнинг 9 ойида 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга ортган.
Бундан ташқари, биргина 2024 йилда ёғингарчиликлар натижасида юзага келган сел тошқинлари оқибатида 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 24 та ҳолатда фуқароларнинг уй-жойлари, мол-мулки ва деҳқон хўжаликларига зарар етган.
Ёғингарчилик мавсумида юзага келган ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этишда ёки мавсум олдидан амалга ошириладиган муҳандислик муҳофаза ишларида туман йиғма жамоаларини самарали жалб этишда ҳам бир қатор муаммолар аниқланди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг штат бирликлари озлиги ҳам кўплаб камчиликларни юзага келтирмоқда.
Хусусан, тезкор чақирув, қидириш ва қутқариш, йўл-транспорт ҳодисаларини, сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни, радиоактив ва бошқа моддалар тўкилишини бартараф этиш, аҳолини хавфли жойлардан кўчириш имкониятлари чекланган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланган бу борадаги меъёрлар эса мазкур тузилмалар фаолиятини, моддий-техник базасини кенгайтириш имконини бермайди.
Ишчи гуруҳ иштирокида «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли Қарши нефть базасида ўтказилган амалий машғулотда ҳам мазкур корхона раҳбарлари ва мутахассисларининг шартли ёнғин вақтидаги ҳаракатлари «қониқарсиз» деб баҳоланди.
Вилоятдаги хавфли ишлаб чиқариш объектлари яқинида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларининг фавқулодда ҳолатларда аҳолини муҳофаза қилиш борасидаги мазкур объектлар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмаган.
Қонун ҳужжатларидаги айрим камчиликлар ҳам нафақат Қашқадарё вилоятида, балки бутун мамлакатда қутқарув ишларининг янада самарали йўлга қўйилишига тўсиқ бўлмоқда.
Жумладан, амалдаги Қонун 2008 йилда қабул қилинган бўлиб, унда қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишдаги иштирокига оид тушунчалар тўлиқ акс эттирилмаган, қутқарув ишларининг турлари тўлиқ таснифланмаган. Бундан ташқари, қутқарувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ Қонун нормаларини такомиллаштириш зарурати ҳам юзага келган.
Бу каби камчиликлар ҳам қутқарув ишларининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Қўмита мажлиси якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг