Қутлов
1 февраль — таниқли ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов таваллуд топган кун.
Адибнинг “Оққуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Чироқ ўчмаган кеча”, “Кўккўл” каби китоблари ўқирманлар қўлига етиб борган.
“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жомоаси ижодкорни таваллуд айёми билан қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилайди!
АТРОФДА БАҲОР...
(Ҳикоя)
Эътибор берганмисиз: баҳорда ҳамма кўнгилчан бўлиб қолади. Тажанглик, асабийлик одамларни тарк этгандай туюлади. Узоқ давом этган қишдан сўнг баҳорнинг илиқ ҳавоси, қуёшнинг қизғиш нурлари одамлар асабига ором, дилига енгиллик бахш этади. Шундай фараҳли кунларнинг бирида ёш олим Мансур Бегматов институтдан хурсанд бўлиб чикди. Илмий кенгашда китоби юқори баҳоланиб, нашрга тавсия қилинди.
Муҳокамани, айниқса, Муса Иброҳимовнинг оғир-вазмин, ҳар бир сўзида олам-олам мазмун томиб турган нутқини эслагани сари Мансурнинг кўнгли тоғдай кўтариларди. «Нашриётда нима дейишаркин? Чиқаришармикан ишқилиб? Домла ёрдам бераман дедилар-ку.»
Мансур шу хаёллар билан бекатга етиб келганини, ҳатто трамвайга қандай чиққанини сезмай қолди.
— Амаки, ўтиринг.
Буни Мансур эшитмади, эшитса ҳам ўзига айтилганини пайқамади. Бошқа бировга жой бераётган бўлса керак. Амаки деди-ку. У тутқични ушлаганча трамвай ойнасидан ташқарига қараб, хаёл суриб кетаверди.
Биров тирсагига туртди. Хаёли бўлиниб, ёнига қаради. Паст бўйли, озғин, жингалак сочлари пешонасини қоплаган, бир қарашдаёқ жуда чаққон ва эпчиллиги сезилиб турган йигит Мансурга мурожаат қилди.
— Ўтириб олинг, амаки.
Мансур бир дам саросимага тушиб қолди. Алланима хаёлига чақмокдай урилди. Миясини турфа фикрлар чулғади. Аммо уларнинг биронтасини на илғаб олди, на идрок қилди, на хотирасида қолди.
— Раҳмат... ўтираверинг бемалол,— деди тараддудланиб. Шу дам трамвай қаттиқ тормоз бериб, илкис тўхтади-ю, Мансур олдинда турган семиз, иссиқдан терлаб-пишиб кетган гавдали хотинга бориб урилди.
Хотин Мансурга ўқрайиб қаради:
— Ўзингни тутиб турсанг-чи. Нима ёшроғи топилмадими?
— Кечирасиз... Ахир мен жўрттага қилганим йўқ-ку.
— Жўрттагаям қил бўлмаса...
Жингалак соч йигит Мансурнинг билагидан олди.
— Қўйсангиз-чи, амаки, булар билан тенг бўлиб ўтирасизми? Асабингизни бузманг, тез қариб қоласиз. Ўтиринг ундан кўра.
Йигитнинг гапи Мансурга ғалати таъсир қилди.
«Тавба, ўзи ёшгина йигиту гапларини қара. Насиҳат қилади-я...»
Мансур йигитга раҳмат айтиб, бўш ўринга ўтирди. Қаппайган портфелини тиззасига қўйди. «Қизиқ, амаки дейди-я. Демак, ўттизга бормай амаки бўпман-да». У хаёлан ўзини кўзгуга солди. Сочлари сийрак, кўзининг четларида иккита-учта ажин ҳам бор. Тўла гавдаси, билинар-билинмас бақбақаси чиндан ҳам уни улуғсифат қилиб кўрсатади. «Нимадан экан бу? — ўйлади Мансур. — Чекмасам, бошқалардай ичавермасам... Оилам ҳам, Худога шукур, тинч. Хотиним бечора-ку, эртаю кеч атрофимда гирдикапалак...»
...Мансур серфарзанд оилада туғилди. Урушдан кейинги йиллар. Ҳали ҳаммаям ўзини ўнглаб ололмаган. Мансур ҳам уруш заҳматларини, асоратини озгина бўлса-да, тотганлардан. У баъзи тенгдошларидай шўхликларга, ўйин-кулгига бой болалик йилларини ички бир энтикиш билан эслаёлмайди. Бундай кунларнинг ўзи кам эди. Болалигини эсласа тирикчилик ташвиши — мол боқиш, машоқ териш, сомон тўплаб, бозорда сотиш тушади ёдига. Синфдаги болалар орасида усти энг юпуни ҳам Мансур эди. Лекин унинг бирон жойи йиртилганини, кир-чир бўлиб юрганини ҳеч ким кўрмаган. Кийим-боши эскилигига қарамай тоза, озода бўларди. Синфдошлари тез-тез янги кўйлак, шим кийиб келишарди. Бундай кезларда Мансурнинг ичидан бир нарса узилиб кетгандай туюлар, баъзан аччиқ хўрсинишдан йиғлаб юборишига сал қолар, аммо ўзини тиярди...
Трамвай шиддат билан ўнгга бурилди-ю, Мансур қалқиди. Хаёли бир коса сувдай чайқалиб кетди. «Кейингиси авиасозлар заводи». Репродуктордан эшитилган ҳайдовчининг овозидан сергак тортди. «Энди Ўрдага кепмизми. Ў-ҳў, бу юришда Қорақамишга қачон етамиз.» «Динамо» магазинидан чиққан уч-тўрт ёш йигитнинг устидаги спорт кийимини кўриб, лоп этиб яна болалиги ёдига тушди.
Эсида бор, олтинчи синфда ўқирди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси кейинги дарсда ҳамма спорт кийими кийиб келишини тайинлади. Бу Мансурни анча хафа қилди. Отасига буни қандай айтишни ўйлаб ўйига етолмади. Охири минг хижолат билан онасига кўнглини ёрди. Онаси оғир уф тортти-да, Мансурнинг бошини силади:
— Хўп болам, айтаман отангга, иложи бўлса, олиб берадилар.
Мансурнинг раҳми келди онасига. «Шўрлик онам. Халиям индамайди. Нима бўлсаям ичига ютади. Олти ака-ука ўқисак мактабда, қайси биримизга форма олиб берсин».
Бугун ҳам, эрта ҳам ўтди. Яна икки кун. Аммо спорт кийимидан дарак йўқ. Мансур ҳам бу ҳақда бошқа сўз очмади. Камгап отасининг янада камгапроқ, ўйчанроқ бўлиб қолганини сезди. Ота-онасининг шундоқ ҳам синиқ юрагига туз сепганидан ўзини ўзи койиди, астойдил эзилди.
Дарсга кирган жисмоний тарбия ўқитувчиси ким спорт кийими кийган-киймаганини текширди.
— Нега форма кийиб келмадинг? — деб сўради Мансурдан. Мансур эгилган бошини ердан кўтаролмай жим тураверди. — Мунча хасис бўлмаса отанг. Битта форма олиб беришга кучи етмай қоптими. Ёки ўқитувчининг гапи бир пулми.
Мансур ер остидан ўқитувчисига ҳўмрайиб қаради. «Бас қилинг! Ўйлаб гапираяпсизми ўзи. Сиз ҳам менинг отамга ўхшаб урушда бир оёғингизни ташлаб келганингизда бундай демасдингиз».
Ўқитувчига шуларни баралла айтмоқчи бўлди, аммо ўзини қўлга олди. Ота-онасининг ўгитлари, инсоннинг энг ёмон иллати бетгачопарлик қилиш, деган гаплари ёдида эди. Муаллим жаҳл билан унга қараб турди-да:
— Синфда қоласан. Қачон форма кийиб келсанг, шунда дарсга қатнашасан, — деб ўқувчиларни спорт майдончасига олиб чиқиб кетди.
Мансур бошини ҳам қилганча ёлғиз ўзи сўппайиб қолди. Охирги бола чиқиб, синф эшиги ёпилиши ҳамоно Мансурнинг кўзларига ёш қуйилиб келди...
Трамвай кескин тўхтади. Мансурнинг хаёли бўлинди. Ўтган воқеаларни эслаб, мийиғида кулиб қўйди. «Одамзотнинг ҳаёти қизиқ экан-да. Бир вақтлар шу форма туфайли ўқитувчини ёмон кўриб қолганман. Балки бу нотўғридир. Ахир, ўқитувчида нима айб. У ҳам юқоридан буюрган ишни қилади-да... Лекин ҳар ҳолда тушуниши керак эди-ку. Суриштирмай-нетмай одамнинг дилига озор бериш инсофданмас. Ўқитувчи деган номи бор. Сал мулоҳаза қилиб, ўқувчининг оилавий шароити билан ҳам қизиқиб кўрса, бўларди-ку...»
Ёшига нисбатан бир қадар катта кўринишини олдин ҳам ўртоқлари, таниш-билишлари айтишган, буни Мансурнинг ўзи ҳам сезарди. Лекин ҳеч маҳал бунинг сабабини, нега бундайлигини ўйлаб кўрмаганди.
Ҳозир мана бу йигит «амаки» деганидан сўнг негадир бу ҳақда ўйлай бошлади. Йўқ, бу гапдан унинг кўнгли ўксимади, фақат табиатнинг айрим нотекис, адолатсиз қонунлари хусусида ўйга толди. Ўзича бунинг сабабларини қидирди. «Болалигида кўп қийинчилик кўрган одамнинг ҳаммасиям тез қарийвермаса керак. Эҳтимол, наслга боғликдир. Отам раҳматли ҳам шунақа улуғсифат, ёшига нисбатан анча кексароқ кўринардилар».
Отасини эсласа, ҳар доим кўнгли алланечук чучурканиб кетади. Отасининг ҳаёти Мансур учун мактаб бўлди. Сабр-қаноатни, одобни, қийинчиликларга бардош беришни — ҳаётда неки яхшиликларга эришган бўлса, ҳаммасини отасидан ўрганди. Отасининг умри, ҳаёти, фикрлари унинг учун мезон эди. Бошига бирон ташвиш тушса, отасини эслайди. Шунда кўз ўнгида оппоқ, қалин соқоли кўксига тушиб турган, турмушнинг аччиқ аламлари ўчмас изини қолдирган сал буришиқ, аммо нимаси биландир суҳбатдошини сеҳрлаб қўядиган нуроний сиймо гавдаланади. «Ҳамиша ҳалол, покиза бўл. Ҳаром-ҳариш ишга қўл урма, бу йўлга юрма. Ҳеч маҳал ҳеч кимнинг дилини оғритма!» Мана шу насиҳатларни босиқлик билан, дона-дона қилиб, чертиб-чертиб айтади. Шунда Мансурнинг кўнгли таскин топиб, ташвишларни кучли, букилмас ирода билан бир чеккага итқитиб ташлайди. Лекин буни у ҳеч кимга — на акаларига, на онасига айтади. Сир тутади.
«Эркакнинг улуғсифат, сал кўримли бўлгани яхши. Ёши элликка борсаям гўдакка ўхшаб шилдинглаб юрган эркак, эркакми? Виқор керак йигитга». Ҳозир отасининг ана шу гапини эслади. Йўқ, фақат ҳозир эмас, умуман ёш ҳақида гап кетса, шу гаплар лоп этиб Мансурнинг ёдига тушади. Бу билан ўзига-ўзи таскин бермайди. Аксинча, бироз салобатли эканидан ич-ичидан қувонади.
Ҳайдовчи навбатдаги бекатни эълон қилди. Мансур фикрини йиғиб олди. «Бунча хаёл сурмасам? Ажаб. Хўш, “амаки” деса нима бўпти? Шунга шунчами? Ёмонми, амаки бўлсанг? Ахир яқиндагина тезроқ катта бўлишни, раислардай икки қўлни орқага қилиб савлат тўкиб юришни орзу-ҳавас қилган ким эди? Энди ёш бўлгинг келиб қолдими? Ёшлик чоғларини қўмсаяпсанми, демак, қарий бошлапсан. Қачонгача бўз бола бўлиб юрасан. Ҳаёт ўз ҳукмини ўқийди-да. Сенинг истак-хоҳишингга қараб ўтирармиди...»
Бу фикрлар таъсирида бироз жилмайганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Ҳа, амаки, жуда қизиқ гап эсингизга тушдими дейман-а?
Мансур ялт этиб ёнида тик турган жингалак соч йигитга қаради.
— Ҳа ... — деди ҳижолатдан қизариб. — Менга қаранг, ука, нечанчи синфда ўқийсиз?
Йигит хиёл табассум қилди. Бу табассумда киноями, менсимасликми ёки жахдми — ишқилиб шунга ўхшаш бир кайфият бор эди. Ҳар қалай самимий эмаслигини Мансур сезди.
— Нимайди?
— Ўзим, шунчаки сўраяпман-да.
— Нечанчи синф боласига ўхшайман? — деб сўради йигит. Энди бу сўроқ очиқдан-очиқ киноя эди.
— Тўққиз-ўнинчиларда ўқисангиз керак?
Йигит шарақлаб кулди:
— Мабодо психолог эмасмисиз? Роса аниқ топдингиз-ку... Қойилман... Тўққизинчини битирганимга тўққиз йил бўлди.
— Нима?!
Мансур бу сўзни шу қадар тасодифий ҳайрат билан айтдики, бирданига иккови ҳам жим қолди. Иккаласининг хаёлидан икки хил фикр кечди. Йигит: «Папка кўтариб юришига қараб туппа-тузук, кўпни кўрган одам деб ўйлабман. Соч деган жониворам калла ишласа-ишламаса тўкилаверарканда. Умрида одам-подам кўрганми ўзи бу?» Мансур: «Тўққизинчини битирганидан бери тўққиз йил ўтган бўлса, демак, йигирма бешни уриб қўйипти-да. Ўзимиз қатори экан-ку. Фарқи уч йил экан-да. Тавба, ёш болага ўхшайди-я. Хафа қилиб қўйдимов чоғи».
— Жуда шўхга ўхшайсиз-а, амаки, — деди йигит кулиб. Сийрак мўйлаб чиққан юпқа лаблари унинг ярақлаб турган тилла тишларини тўла беркита олмасди. — Қизларни айлантиравериб, ёшни кичкина айтишга ўрганиб қолгансиз шекилли, а?
— Узр, хафа қилиб қўйдим чоғи. Мен сизни ёш йигит деб ўйлабман-да.
— Ёш бўлмай, нима, қариб қопмизми?
Трамвай навбатдаги бекатга яқинлашди. Йигит олдинги эшик томон йўналди:
— Бўпти, амаки, саломат бўлинг, мен тушдим.
— Хўп, хайр, — деди Мансур ихтиёрсиз равишда.
Йигит одамлар орасидан туртиниб-суртиниб нари кетди. У кўздан ғойиб бўлгунча Мансур ажабланиб қараб қолди.
— Яхши йигит, ўзингиздан катталарга жой берсангиз бўлмайдими?
Мансур бошини кўтариб қоматдор, юзлари хўрознинг тожисидай қип-қизил, кўкси орден-медаллар билан тўла олтмиш ёшлардаги бақувват бир одамни кўрди-ю, ирғиб ўрнидан турди.
— Кечирасиз, амаки, кўрмай қопман. Марҳамат.
— Шунақа, ҳозирги ёшлар ҳеч нимани кўрмайди,— деди барваста киши бўш ўриндиққа оғирлик билан ўтираркан. — Айтмасанг, ўрнидан қўзғалмайдиям, без бўлиб ўтираверади.
Бу гап Мансурнинг бағрига тиғ каби санчилган бўлса ҳам индамади. Сал нарироққа сурилди-да, деразадан ташқарига қараб кетаверди. Барглари тангадай бўлиб қолган тераклар, йўлкалар четидаги жонли тўсиқлар кўм-кўк. Анави олча роса гуллапти-да. Худди қор қоплаганга ўхшайди.
Бу манзара, кўклам кўриниши, трамвайнинг очиқ деразаларидан кираётган аллақандай ёқимли, хўшбўй Мансурнинг дилини ёритгандай, хаёлидан ҳар хил айқаш-уйқаш фикрларни қувгандай бўлди. Беихтиёр ён-атрофдаги одамларга бирма-бир кўз югуртирди. Уларнинг юзида ҳам ажиб бир қувноқлик, кўтаринкилик акс этиб турарди. «Яхши йигит, ўзингдан катталарга жой берсанг бўлмайдими», деган амакига қаради. Ташқарини кузатиб кетаётган бу одамнинг ҳам чеҳраси очилган. Ҳозир ана шу киши ҳам Мансурга яхши одам бўлиб кўринди.
Атрофда баҳор эди...
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг