Қум остида қолган шаҳар

Бухоро шаҳридан қирқ километрча ғарбда, қумликлар бағрида аждодлардан мерос қалъа қолдиқлари ястаниб ётибди. Бу манзилга 899 – 959 йилларда яшаб ўтган буюк тарихчи олим Муҳаммад Наршахий Бухородан ҳам қадимийроқ, деб таъриф берган. Унинг эски номларидан бири Ражфандун деб аталган. У Варахша номи билан тарих саҳифаларида муҳрланган.
Археологик манбаларнинг гувоҳлик беришича, Варахша даставвал милоддан аввалги IV–III асрларда қишлоқ сифатида пайдо бўлган. Ўрта аср манбаларида эса у Бухоро ҳукмдорлари Бухорхудотларнинг қароргоҳи сифатида эътироф этилган. Наршахийнинг ёзиб қолдиришича, Варахша подшолар яшайдиган жой бўлиб, ичидаги қаср бениҳоя гўзал эди. Мафтункорлиги боис уни ҳамиша намуна қилиб кўрсатишган. Бу ерда ҳар ўн беш кунда бозор бўлган. Йил охирида бозор йигирма кун давом этган. Уни деҳқонларнинг Наврўз бозори яъни Янги йил деб ҳам аташган. Зеро, йил ҳисоби шу кундан бошланган.
Варахша Зарафшоннинг серсув ирмоқларидан саналган Рометанруд бўйида жойлашган эди. Аждодларимиз шаҳарни ташқи душмандан ҳимоя қилиш учун атрофини мудофаа хандақлари билан ўраб олганди. Бу хандақлар оқар сув билан тўлдирилган. Атрофи тик қияликлардан иборат. Аркининг баландлиги 20 метр. Шаҳристон деворлари қолдиқларининг баландлиги эса 10 метр атрофида. Умуман, у катта учбурчак шаклидаги шаҳристон ва қаср — Аркдан иборат.
Шу ўринда ҳунармандчилик равнақ топган, савдо-сотиқ ривожланган, не-не юртларнинг тужжорларини ўзига оҳанрабодек тортган Варахша нега таназзулга юз тутди, деган савол туғилади. Афсуски, саҳро бағрида қад ростлаган, табиий сув манбаларидан йироқ гўшаларнинг энг қаттол душмани сувсизлик эди. Зарафшон дарёсининг суви камайиб кетиши оқибатида ҳаёт қайнаб-тошган, бозорлари тўкин Варахшанинг рангу рўйи сарғая борди. Одамлар шаҳарни тарк эта бошлашди. Мўғуллар истилоси уни батамом ҳолдан тойдирди. Шаҳарда ҳаёт асари қолмади. Асрлар оша уни қумликлар ўз бағрига олди.
Варахша харобаларида 1937–1939, 1947–1954 йилларда шарқшунос олим В. Шишкин томонидан археологик қазишмалар олиб борилдию бу қадимий гўша жаҳонга машҳур бўлди. Негаки, тадқиқотлар жараёнида халқимизнинг ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳиятидан дарак берувчи осори атиқаларга дуч келинди. Бухорхудотлар саройининг «Шарқий зал», «Қизил зал» деб номланган хоналарида маҳобатли деворий суратлар топилди. Жумладан, «Қизил зал»даги суратларда филлар устидаги суворийларнинг афсонавий йиртқичлар билан курашиши манзараси акс этган.
«Шарқий зал»даги расмлар орасида подшонинг тахтга ўтирган ҳолатидаги тасвири қисман сақланган. Сарой иккинчи қаватидаги ганчли паннолар қолдиқлари ҳам ноёбдир. Уларда ўсимликлар, ҳайвонот дунёси, афсонавий жонзотлар ҳамда одамлар тасвирланган. Топилмаларнинг бари ўша даврнинг юксак маданиятидан далолат беради. Сарой тарихи тўғрисидаги маълумотларни бойитади.
Вилоят ҳудудидаги Пойкент, Варзонзе каби қадимий шаҳарлар қаторида Варахша ҳам ҳозир давлат муҳофазасида. Уни чинакамига туристик манзилга айлантириш чора-тадбирлари кўрилса айни муддао бўларди. Бунинг учун аввало Варахшага борадиган шинам бир йўл барпо этиш керак. Ўзбекистондаги шаҳарларда, жумладан, Бухорода, музейларда, аҳоли гавжум жойларда Варахшага оид видеоролик, подкаст ва шунга ўхшаш контентлар яратиш ва намойиш этиш мақсадга мувофиқ.
Масаланинг яна бир жиҳати, Варахшадан топилган осори атиқаларнинг кўп қисми ўз вақтида Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетилган. Айримлари ўзимиздаги музейларда сақланмоқда. Шуларни ҳамда аҳоли қўлидаги қадимий буюмларни тўплаб, Варахшада чоғроқ музей барпо этиш ҳақида ўйлаб кўрилса дуруст бўларди. Бу Бухородан ҳам қадимий саналган кўҳна гўшани кўрмоқ иштиёқидаги сайёҳлар оқимининг кўпайишига олиб келади.
Шерали ЖЎРАЕВ,
Бухоро давлат педагогика институти
Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчи, музейшунос.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг