Қозоғистонда зилзила қайд этилди. Ўзбекистон ФВВ Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслигини айтган эди

20:26 06 Февраль 2023 Дунё
1323 0

Иллюстратив фото

Шу йилнинг 6 февраль куни кечки пайт Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида яна зилзила содир бўлди. Хусусан, Чимкентда 2-3, Таразда 2 магнитудали ер силкинишлари қайд этилган. Зилзила эпицентри Қозоғистоннинг жанубида, Чимкент ва Туркистон ўртасида жойлашган.  

Чимкент вилояти фавқулодда вазиятлар департаментининг тезкор маълумотларига кўра, зилзила 2-3 балл сезувчанлик билан содир бўлган. Ер силкинишлари Олмаота вақти билан 19:02 да қайд этилган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар йўқ.

«6 февраль куни соат 19:02да зилзила қайд этилган бўлиб, эпицентри Олмаота шаҳридан 628 километр ғарбда Қозоғистон ҳудудида жойлашган. Зилзила энергетик класси 11,7 балл. Магнитудаси 5,4 балл. Сезувчанлик: Чимкентда – 2-3 балл. Шаҳар аҳолисидан ваҳима қўймасликларини ва хотиржамликни сақлашларини сўраймиз», дейилади Чимкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар гуруҳи хабарида.

Бу бугуннинг ўзида Қозоғистон қайд этилган иккинчи ер силкиниши ҳисобланади. Ушбу мамлакатда Тошкент вақти билан 18:02 да 4,3 магнитудали зилзила содир бўлган эди. 

Олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатимиз ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслигини маълум қилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?