Қозоғистон Президенти Танзила Нарбаевани II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

18:40 18 Август 2025 Сиёсат
192 0

Фото: Ақорда

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаевани II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 18 август куни Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев таклифига биноан расмий ташриф билан Остона шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаевани қабул қилган.

Учрашув давомида томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчиликнинг долзарб масалаларини, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада яхшилаш йўлларини муҳокама қилган.

Тоқаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисини қутлар экан, унинг Остонага ташрифи Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик муносабатларнинг алоҳида характерга эгалигининг ёрқин тасдиғи эканини таъкидлаган. Қозоғистон Президенти, шунингдек, Нарбаеванинг икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги шахсий ҳиссасини юксак баҳолаган.

«Сизнинг ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Биз биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга бирламчи эътибор қаратамиз. Бу эса Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жуда муҳим омили, деб ҳисоблаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик яхши, яқин ва самарали бўлса, минтақадаги вазият шунчалик осойишта бўлади. Сизнинг ташрифингизга келсак, уни ҳақиқатан ҳам парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Чунки улар давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг жуда муҳим таркибий қисмидир», деган Қозоғистон Президенти.

Шундан сўнг Танзила Нарбаева кўрсатган меҳмондўстлиги учун Қозоғистон Президентига миннатдорлик билдириб, унга Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган.

«Президентимиз Сизга самимий саломини йўллаб, қўйилган вазифаларнинг муваффақиятли амалга ошишига тилак билдирди. Эришилган келишувларнинг барчаси шахсий назоратида эканини таъкидлади. Биз – Президентнинг бутун жамоаси, жумладан Парламент ҳам уларни амалга ошириш ва аниқ натижаларга эришиш учун тинмай меҳнат қиламиз. Ўзингиз айтганингиздек, Ўзбекистон ва Қозоғистон – бир-бирига энг яқин ва ишончли ҳамкорлардир», деган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси.

Қайд этилишича, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Танзила Нарбаева парламентлараро дипломатияни, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

«Давлат раҳбари қулай фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий тилакларини йўллади», дейилади Ақорда хабарида.

Учрашувда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев икки томонлама стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшган ҳиссаси учун Танзила Нарбаевани II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?