“Қовун сайли” фестивали ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

16:48 14 Август 2023 Жамият
621 0

Фото: Халқ сўзи

Қадимий ва навқирон Хива шаҳри ҳар йили айни пишиқчилик мавсумида ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивалига мезбонлик қилди.

Фестиваль давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўтказилди.

Фото: Халқ сўзи

Республика Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган ушбу фестивални ўтказишдан мақсад Хоразмнинг агротуризм салоҳияти, қадимий полизчилик тажрибаси, хусусан, қовун-тарвуз ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг тарғиб этишдан иборат. Сайилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларинг барча шаҳар ва туманлари ўзларига ажратилган павильонларни байрамона безатиб, ўз ҳудудларида етиштирилган ширин-шакар қовунларнинг кўргазма савдосини ташкил қилдилар.

— Маълумки, Хоразм воҳаси азалдан тилими тилни ёрадиган қовунлари билан дунёга машҳур, — дейди сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг Гурлан туманидаги илмий тажриба станцияси раҳбари Санъат Талантаров. — Тарихчиларнинг ёзиб қолдиришича, бу заминда етиштирилган қовунлар муз билан ўралган қўрғошин қолипларда савдо карвонлари орқали дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинган. Манбаларда Хоразмда қовуннинг 400 дан зиёд навлари етиштирилгани ҳақида маълумотлар бор.

Фото: Халқ сўзи

Деҳқонлар ва амалиётчи олимлар олиб борган изланишлар натижасида сўнгги йилларда вилоятда ўрта пишар Кўк гурвак”, “Оқ новвот”, “Ичи қизил”, “Кичкинтой”, “Шакарпалак”, “Бешак”, “Чоржўй гулоби” каби қадимий навлар қайта тикланди. Селекционер олимлар томонидан ҳосилдорлиги юқори бўлган, ноқулай об-ҳаво шароитлари, айниқса, оқпалак касаллигига чидамли, экспортбоп “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразми”, “Саховат”, “Заргулоби” навлари яратилди. Айни кунларда илмий тажриба станциясида қовун уруғларининг 127 хил намунаси экилиб, генофонд сифатида сақланмоқда.

— Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута, венгер олими Ҳерман Вамбери ўз асарларида Хоразм қовунларининг мазасига жуда ажойиб таъриф беришган, — дейди Урганч давлат университетида ташкил қилинган қовунчилик маркази раҳбари Санжар Саъдуллаев. — Демак, Хоразм қовунлари, айниқса, гурвак ўша вақтлардаёқ, ҳозирги тил билан айтганда “Хоразм бренди”га айланиб улгурган. Президентимизнинг ташаббуси билан Хоразм қовунчилик мактаби довруғини қайта тиклаш, воҳа тупроқ иқлим шароитига мос, экспортбоп навларини кўпайтириш мақсадида Урганч давлат университети қошида қовунчилик маркази ташкил этилди ва полизчилик йўналишида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бугунги кунда қовунни иссиқхона хамда очиқ далаларда етиштириш бўйича илмий кластер лойиҳасини ташкил қилиш устида иш олиб бориляпти.

Фото: Халқ сўзи

Фестиваль давомида концерт дастурлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослар кўргазмалари, дорбоз ўйинлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар ва Хоразм нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, бадиий жамоалар ва фольклор гуруҳларининг жонли ижродаги чиқишлари ҳамда бошқа маданий тадбирлар бўлиб ўтди.

Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков қатнашиб, республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчиларга, чет эллик меҳмонларга миннатдорчилик билдиришди.

Фото: Халқ сўзи

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хива шаҳри фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб “Жентра” русумли енгил автомашина билан тақдирланди. Қўшкўпир тумани 1-ўринга муносиб кўрилиб “Некция-3», 2-ўринни эгаллаган Тошкент вилояти “Спарк” ҳамда 3-ўрин соҳиби Янгибозор тумани “Дамас” автомобили билан мукофотланди. Шунингдек, қатор номинациялар ғолиблари ҳам вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларига эга бўлдилар.

Фестивалнинг ёпилиш маросимида Озарбайжондан ва пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли санъат юлдузлари иштирокидаги катта гала-концерт сайил қатнашчиларига байрамона кайфият улашди.

Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?