Қўшни мамлакатлардан келтирилган 48 кг наркотик моддалар мусодара қилинди

10:42 25 Февраль 2025 Жамият
117 0

Видеодан кадр

Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди, деб хабар бермоқда ДХХ.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида яшовчи, 41 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тожикистон Республикасидан мамлакатимизга айланма йўллар орқали наркотик моддаларни олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётганлиги ҳолати аниқланиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилган.

Натижада хонадон ертўласидан 576 грамм «героин», 2,4 кг «опий» ва 1,9 кг «гашиш» моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 69 ёшли отасидан 9,6 кг «гашиш» моддаси ҳамда келиб чиқиши ноаниқ бўлган 137,4 минг доллар ва 569,8 миллион сўм олинган.

Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 45 ёшли акаси ва Узун туманида истиқомат қилувчи, 38 ёшли жиноий шериги ҳам қўлга олиниб, жиноий шеригининг уйидан ҳам келиб чиқиши ноаниқ бўлган 159,4 минг АҚШ доллари олинган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Янгиқўрғон-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган автобус тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, мазкур туманда яшовчи, 26 ва 23 йилларда туғилган 2 нафар фуқарога тегишли сумкаларда жами 19,9 кг «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириган.

Терговга қадар текширув давомида, улар гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келганликлари маълум бўлган.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Марҳамат туманида яшовчи, 29 ёшли, муқаддам судланган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг мазкур туман ҳудудидан ўтувчи қисмига келиб, аввалроқ Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан контрабанда йўли билан ўтказиб берилган 4,9 кг «опий» ва 9,9 кг «гашиш» моддаларини олиб, қайтаётган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер