«Қўш кўприк»ликларнинг кўп йиллик орзуси ушалди

16:24 20 Март 2025 Жамият
630 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Олтинкўл туманида аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Йўл, электр энергияси, табиий газ, тиббиёт, халқ таълими, аҳолини иш билан таъминлаш, томорқачилик ва тадбиркорликни ривожлантириш, қўйингки, барча соҳаларда ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳам кенг кўламдаги ишлар олиб борилди. Биргина 2024 йилнинг ўзида 5700 метр масофага сув тармоғини тортиш, 2 та сув қудуғи ва 1 та сув тозалагич ускунасининг ўрнатилиши орқали 400 нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 650 нафар ҳамюртларимизга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Масалан, «Қўш кўприк» маҳалласи тумандаги энг қадимий манзиллардан бири ҳисобланади. Қарийб юз йиллик тарихга эга ушбу ҳудудда аҳоли сувни маълум масофадан ташиб келарди.

— Ушбу маҳаллада ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлмаганлиги боис аҳоли сувни 1-2 км. узоқдан ташиб келишларига тўғри келган, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖнинг тумандаги филиали ходими Шаҳобиддин Аҳмедов. — Ҳудудлар инфратузилмасини ўрганиш жараёнида ҳар бир хонадонда хатлов ўтказилди. Аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар уюштирилиб, мурожаатлари тингланди. Шундан сўнг мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш бўйича хайрли ишларга киришилди. Натижада 3,1 км масофага тармоқ тортилиб, 200 та хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Битта сув қудуғи ва минораси ўрнатилиши орқали маҳалладаги мавжуд хонадонларнинг ҳар бирига сув жўмраклари олиб кирилди.

Ҳудудда юзага келган бундай ўзгаришлардан аҳоли миннатдор. Ўзингиз тасаввур қилинг, етмиш, саксон, ҳатто юз йиллар давомида орзуга, ечимсиз муаммога айланган ичимлик суви таъминотининг қисқа муддатда йўлга қўйилиши ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Бу ҳам республикамизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларнинг ижобий самарасидир.

— Шу маҳаллада етмиш уч йилдан бери яшаб келмоқдаман, — дейди меҳнат фахрийси Аҳмадали Ҳамдамов. — Маҳалламизда сув таъминотига доир қурилиш ишларига киришилганида, ишонгим келмаганди. Бу ўзгаришлар кўз ўнгимизда намоён бўлди. Ҳозир ҳар биримизнинг хонадонимизга ичимлик суви кириб келди. Оиламиз билан хурсанд бўлиб, шу ишларга бош бўлганларни дуо қиляпмиз.

Айни пайтда туманнинг сувлашганлик даражаси 87 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йилда бу кўрсаткич 82 фоиздан иборат эди. Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга доир саъй-ҳаракатлар натижасида йил якунига қадар сувлашганлик даражаси 91 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?