Қорақалпоғистонда туризм соҳаси бўйича қиймати 232,5 миллиард сўмлик 41 та лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда тарихий, маданий ва хушманзара гўшалар кўп. Уларнинг негизида туризм масканлари, меҳмонхоналар барпо этилиб, сайёҳлик бизнесига қулайлик яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хорижий давлатларга авиақатновлар йўлга қўйилиши туризм соҳаси ривожланишида муҳимлигини Қорақалпоғистон мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Аэропортимиз соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга, — дейди «Нукус халқаро аэропорти» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Ажинияз Сарибаев. — Халқаро стандартларга мувофиқ энг илғор технологиялар билан жиҳозланган. Ҳозирда 7 та ҳаво кемаларининг тураргоҳи мавжуд. Аэродромда замонавий ёритиш-сигнал ва аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Кейинги пайтда маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича бир неча янги авиақатновлар йўлга қўйилди. Масалан, жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб Нукус—Мўйноқ—Нукус йўналиши бўйича доимий рейслар ишга туширилди. Шунингдек, 2024 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб ҳафтасига икки марта (чоршанба ва шанба кунли) «Нукус—Олмаота—Нукус» йўналиши бўйича А-320 самолётлари парвозлари жадаллашди. Бундан ташқари, 2024 йилнинг 3 июнь санасидан ҳар ҳафтанинг душанба куни «Нукус—Истанбул—Нукус» рейсини амалга ошириш йўлга қўйилди.
— Айни пайтда Қорақалпоғистонда 58 та туроператор ва 6 та тур-агент фаолият кўрсатмоқда. 2024 йилда 3 тур-агент, 1 туроператор ташкил қилинди, — дея суҳбатга қўшилди Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси масъул ходими Байрам Кусекеев. — Албатта, туристлар оқимининг ортиши уларни жойлаштириш, меҳмонхоналарни кўпайтириш ва хизмат сифатини оширишни тақозо қилади. Сайёҳлар жойлашиши мумкин бўлган меҳмонхона ва шунга ўхшаш ўринлар сони 104 тага ортганининг сабаби ҳам шунда. Уларнинг 31 таси меҳмонхона, 26 та хостел ва 47 та меҳмон уйлари туристларга хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида Нукус шаҳрида 1 та меҳмонхона қайта ташкил қилиниб, 1 та хостел, 1 та ўтов уйи ва 2 та меҳмон уйи ўз фаолиятини бошлади. Мазкур жойлар “emehmon.uz” тизимида фаолияти йўлга қўйилгани туристлар учун қулайлик яратмоқда.
Албатта, мамлакатимизга келган туристлар белгиланган маршрутлар бўйлаб юради. Талаб даражасидаги автомашиналар бўлиши керак. Жорий йилда қўшимча, 2 та автобус олиниб, жами, туризм синфидаги транспорт воситалари 116 тага етказилди. Сир эмас, Қорақалпоғистонга кўпинча маҳаллий ва хорижий туристлар халқаро миқёсдаги тадбирлар, адабиёт ва спорт байрамларига иштирок этиш учун келади.
Мисол учун, март ойида Мўйноқ туманида «NavrUz» ва Миллий от ўйинлари этнофестивали ҳамда Нукус шаҳрида «Ички туризм ярмаркаси»га 100 га яқин чет эллик сайёҳлар иштирок этди. Улар орасида Англия, Италия, Франция, Полша, Германия, Дания, Таиланд, Хитой ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган туристлар бор. Фестивалга Хитой давлатидан 20 дан ошиқ инвесторлар ҳам қатнашди. Орол денгизи бўйида мобил алоқадан фойдаланиш имконияти яратилгани чет эллик сайёҳларга қулайлик яратмоқда.
Эътиборлиси, биргина жорий йилнинг ўзида туризм ва унга ёндош хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 232,5 миллиард сўмлик 41 та лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 354 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шундан, жорий йилнинг дастлабки чорагида 52,1 млрд. сўмлик 12 та лойиҳа ишга туширилиб, 14 та иш ўринлари яратилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг