Қорақалпоғистон Республикасида 90 нафар ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилгани маълум қилинди
Фото: «Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда округ сайлов комиссияси раиси Т. Атамуратов шу йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Мазкур сиёсий жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда, унга тайёргарлик жараёнларини кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлиги қайд этилди. Бу борада журналистларга ахборотларни тезкор етказиш мақсадида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ташкил этилиб, унга тажрибали, олдин шу каби сиёсий тадбирларда иштирок этган 4 нафар журналист жалб этилгани маълум қилинди.
Таъкидланганидек, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кириб бормоқда. Округ сайлов комиссияси аъзоларининг 74 фоизи олдин ҳам сайлов ва референдум жараёнларида иштирок қилган тажрибали ходимлардир. 1-Қорақалпоғистон округи ҳудудида 654 та сайлов участкаси тузилган бўлса, мазкур сайлов участкаларига маҳаллий ҳокимликнинг тавсиясига кўра, сиёсий жараёнларда тажрибага эга 6 минг 266 нафар комиссия аъзоси тасдиқланди. Ушбу комиссия аъзоларининг 50,9 фоизи хотин-қизлардан иборат. Комиссия аъзолари қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонуни ҳамда “Сайлов кодекси”га киритилган ўзгартишга мувофиқ, “Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Сайлов кодексига киритилган мазкур ўзгаришга кўра, жорий сайловда Қўнғирот туманидаги жазони ўташ муассасасида 360-сонли сайлов участкаси ташкил этилгани қайд этиб ўтилди.
Сайлов участкаларининг бинолари сайлов қонунчилигида кўрсатилган талабларга тўғри келиши бўйича доимий мониторинг ўрнатилган. Нукус шаҳрида жойлашган 83 та участканинг барчаси тўлиқ кўздан кечирилди, аъзоларимиз ўзларига бириктирилган туманларга чиқиб, сайлов участкаларини кузатмоқда.
Матбуот анжуманида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг Матбуот маркази раҳбари М.Қутлимуратов бўлажак Президент сайловини ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни ёритишга тайёргарлик ишларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, ҳозирги кунгача Президент сайлови жараёнларини ёритишда иштирок қилишни сўраб мурожаат қилган Қорақалпоғистон Республикасидаги 90 нафар оммавий ахборот воситаси вакили аккредитациядан ўтганлиги маълум қилинди.
Тадбир якунида журналистлар ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва сайловни ёритиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг