Қоракўлда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази иш бошлади

14:08 15 Ноябрь 2023 Жамият
465 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Марказ фаолияти давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора – тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ташкил этилди.

Хабарингиз бор, жорий йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинган эди. Унда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда эҳтиёжманд аҳолининг бошқа қатламлари ҳақ–ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма тариқасида ўз аксини топган. Қоракўлдаги янги марказ шу норма ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани ифодасидир.

— Жамоамиз зиммасига ҳар бир хонадонни ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатга ойдинлик киритиш, ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, кўмакка муҳтож фуқаролар билан самарали иш олиб бориш каби вазифалар юклатилган, – дейди мазкур марказ раҳбари Рустам Чориев. – Асосий мақсад аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришдан иборат. Бугун фойдаланишга топширилган бинода шу эзгу ишларни амалга ошириш учун керакли барча шарт–шароитлар яратилган.

Марказнинг очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда сўз олганлар юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофазага олиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлашди. Тўпланганлар бинода яратилган қулайликлар билан танишдилар. Шу ҳудудда кўчат ўтқазиш тадбири ҳам ўтказилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер