Қўқоннинг олти марта «Ташаббусли бюджет» ғолиби бўлган Мингтут маҳалласида замонавий оилавий поликлиника иш бошлади
Қўқон шаҳрида марказдан 20 километр узоқликда жойлашган Мингтут маҳалласи сўнгги йилларда аҳолининг уюшқоқлиги ва фаоллиги туфайли том маънода янгиланиб бормоқда.
Маҳаллада амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар, айниқса, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида олти маротаба ғолиб чиқилгани натижасида сезиларли самара берди. Ушбу ғалабалар ҳисобидан барча ички йўллар тўлиқ асфальтланди, электр таъминоти барқарорлигини ошириш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Маҳалладаги 6-оилавий поликлиника биноси эса қарийб 70 йил аввал қурилган бўлиб, ундаги шароитлар талабга жавоб бермай қолаётганди. «Ташаббусли бюджет» доирасида 2 миллиард 860 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, тиббиёт муассасаси замонавий меъёрлар асосида тубдан таъмирланди.
Янгиланган поликлиника тантанали равишда фойдаланишга топширилди ва эндиликда ҳудуддаги 4 та маҳаллада истиқомат қилувчи 17 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Иншоот замонавий тиббий асбоб-ускуналар, ташхис аппаратуралари билан тўлиқ жиҳозланди. Муассасада хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон навбат тизими асосида ташкил этилгани аҳолига қулайлик яратади.

— Бугун маҳалламиздаги шароитлар марказдаги инфратузилмадан асло кам эмас, — дейди «Мингтут» МФЙ раиси Ғайратжон Тошпўлатов. — Халқимиз фаровонлигига қаратилган дастурларда фаол иштирок этиб келмоқдамиз. Яқин келажакда ижтимоий соҳалар ривожига оид қатор ташаббуслар амалга оширилиши режалаштирилган.
Маҳаллада катта ҳурматга эга маърифатли онахон Муяссар Аҳмедова ҳам ўз фикрини билдирди:
— Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз, — дейди онахон. — Маҳалламизда қулайликлар кўлами кенгайиб бораётгани, жиноятчилик ва ажримлар сони камайиб, ёшларнинг билим ва ютуқлари ортиб бораётгани биз учун катта қувонч.
Поликлиника фаолияти бошлангани муносабати билан аҳоли ҳамжиҳатлигида ҳашар уюштирилиб, иншоот ҳудудида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг