Қўқонда халқаро террористик ташкилоти тарафдорларига ҳукм ўқилди

10:02 07 Ноябрь 2024 Жамият
312 0

Фото: Иллустратив

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоат фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980-2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менежер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

Қайд этилишича, 2021-2023 йиллар давомида ноқонуний гуруҳ аъзолари Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда «шанбалик ошлар» ниқоби остида йиғинлар ташкил этишган.

Унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яхё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган.

Шунингдек, мамлакатимизда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва «Халифалик» давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишган.

ДХХ хабарига кўра, жамоат аъзоларининг айримлари Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишган. Бундан ташқари, улардан 2 нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами 3 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи юборишган.

Таъкидлаш лозимки, жамоат аъзолари ўз сафларини кенгайтириш учун йиғинларга бошқа фуқароларни ҳам жалб қилиб, уларнинг онгига экстремистик ғояларни сингдиришган. «Телеграм» мессенжерида ташкил этилган гуруҳда ўзаро маълумотлар алмашиниб, навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган.

Шунингдек, улар ҳар 15 кун, 1 ой ичида нима ишларни амалга оширганликлари бўйича гуруҳ етакчисига ҳисобот беришган.

«Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 155-3, 159, 244-1 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Россия ёки Хитойнинг қайси бири билан каттароқ савдо айланмасига эгалиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?