Қўқонда Германия тараққиёт банки кўмагида ичимлик ва оқова сув тармоқлари яхшиланади
Қўқон шаҳрида аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоқларини замонавий мезонлар асосида янгилаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Айни жараёнда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан Германия тараққиёт банки билан келишувга кўра, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида сув таъминоти ва оқова тармоқлари соҳасида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун 200 миллион евро маблағ ажратилди.
Хусусан, 125 миллион евродан зиёд маблағ Фарғона вилоятининг Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги оқова тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш учун йўналтирилиши назарда тутилган.
Куни кеча Қўқон шаҳар ҳокимлигида Германия тараққиёт банки, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Германия иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги вакиллари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Унда Қўқон шаҳрида сув ва оқова тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилинди.
— Лойиҳа доирасида 40,7 км ичимлик суви ва 58,8 км оқова сув тармоғини қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари Азиз Сулаймонов. — Шу мақсадда 3 та оқова сув насос станциясини қурилиб, оқова сув тозалаш иншооти қувватини суткасига 100 минг кубометрдан 150 минг кубометргача ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, ушбу жараёнда 6 та сув қудуғи, 20 минг кубометр ҳажмдаги янги сув резервуарини қуриш ҳамда 56 мингта сув ҳисоблагичлари ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Учрашувда 2026 йил бошидан лойиҳа доирасида режалаштирилган ишларга киришиш ҳамда ҳудудлар кесимида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга келишиб олинди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг