Қўқон шаҳрида “Халқаро Бобуршоҳ” илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

00:03 16 Апрель 2023 Маданият
1207 0

Жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари Фарғона вилоятининг Қўқон университетида “Халқаро Бобуршоҳ” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳар ҳокимликлари ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540-йиллигига бағишланган маросимни Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ғафуржон Захидов кириш сўзи билан очиб берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг дунё тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймо, буюк шоир, қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540-йиллигини кенг нишонлаш борасидаги ташаббуслари асосида олиб борилаётган ишларни кузатиб, фахрланмоқдамиз, — деди тадбирда сўзга чиққан ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Билал Чакижи. — Бобур ҳаёти ва ижодига доир ноёб қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилиш борасидаги ишлар таҳсинга лойиқ. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон буюк аждодлар меросига соҳиб чиқиб, турк дунёсига намуна бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди».

Шунингдек, конференция иштирокчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон халқлари маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган илмий-адабий меросини янада кенг татбиқ ва таҳлил этиш, Туркий дунё олимлари ҳамда Бобуршуносларининг қимматли маълумотлари эса аждодларимиз тарихини янада кенг тараннум этиш ва ёшларимизнинг билимлари юксалишига катта ҳисса қўшишини эътироф этдилар.

Фарғона ва Қўқон шаҳар ҳокимликлари, Қўқон университети раҳбарияти, конференцияда иштирок этаётган ташкилотлар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари Туркий халқларнинг маънавий яқинлиги ва қардошлик бирлигини мустаҳкамлаш, туркий маданиятни дунёга танитиш ва унинг анъаналарини келажак авлодларга етказиш мақсадларида фаолият олиб бораётган ТУРКСОЙ ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган олий медаль билан тақдирландилар.

“Халқаро Бобуршоҳ” конференцияси якунидан сўнг, хорижий меҳмонлар учун Қўқон шаҳридаги “Худоёрхон” тарихий музейи, Жоме масжиди, “Алломалар мозори” ҳамда “Миён ҳазрат” зиёратгоҳларига экскурсия ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер