Қонунийлик устуворлиги ва Конституциявий суд масъулияти
Конституциявий суд — бу давлат ҳокимияти тизимида Конституциянинг сўзсиз устуворлигини таъминлайдиган, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига йўналиш берадиган, жамият тараққиётини ҳуқуқий мезонлар асосида барқарорлаштирувчи стратегик институтдир. Шу маънода ўтказилган жорий йилнинг 30 декабрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси мамлакатда конституциявий қонунийликнинг ҳолатига холис ва тизимли баҳо берган, давлат ва жамият ҳаётида Конституция устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеа сифатида юксак аҳамият касб этди. Уни Конституциявий суд раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов очиб, асосий Қонунимизнинг ҳаётдаги амалий таъсири ва давлат ислоҳотларидаги ўрни ҳақида фикрларни илгари сурди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Омбудсман ва Болалар омбудсмани, Адлия вазирлиги ҳамда фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакилларининг иштирок этгани Конституциявий суд қарор ва хулосаларининг умумдавлат аҳамиятига эга эканини яққол намоён этди.
Бўлиб ўтган мажлисда 2025 йил давомида мамлакатимизда Конституция нормалари ва принципларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Конституциявий суд ахборотида қайд этилган 20 та устувор йўналиш давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, инсон ҳуқуқлари, иқтисодий эркинлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларини қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
— Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар конституциявий қонунийликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Суд органлари фаолиятининг янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларга мослаштирилиши, тергов судьялари институтининг қонуний асосда жорий этилиши одил судлов кафолатларини кучайтиришга хизмат қилди. Вакиллик органлари мақомининг мустаҳкамланиши эса халқ иродасининг давлат қарорларидаги таъсирини оширишга қаратилди, — дея таъкидлади раис Мирзо Улуғбек Абдусаломов йиғилишдаги ўз нутқида.

Фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган чоралар Конституцияда белгиланган инсон қадри устуворлиги принципининг амалий ифодасига айланди. Давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш бўйича жорий этилган стандартлар адолат ва очиқликка асосланган бошқарув тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Маъмурий ва жиноят-процессуал соҳадаги ислоҳотлар инсонпарварлик ғоялари билан уйғун ҳолда амалга оширилди. Айрим маъмурий жазо чораларининг қайта кўриб чиқилиши, хусусий айблов институтининг жорий этилиши, гумон қилинувчиларни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартибининг белгиланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган конституциявий ёндашувни акс эттиришини ҳам алоҳида айтиб ўтилди йиғилишда.
— Дунёвий давлат принципини рўёбга чиқариш ва виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳам Конституция талабларига таянади, — дейди Конституциявий суднинг судьяси Акмал Раҳманов. — Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши ва унинг ижроси устидан парламент назоратининг ўрнатилиши ҳуқуқ ва эркинликлар мувозанатини сақлашга хизмат қилмоқда.

Иқтисодий соҳада бозор муносабатларини ривожлантириш, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш, уй-жой ва ипотека тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорлар фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. “Яшил иқтисодиёт” тамойилларининг жорий этилиши эса экологик хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ғояларини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлади.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давлатнинг Конституцияда белгилаб олинган ижтимоий мажбуриятларига содиқ эканини кўрсатди. Бу жараён инсон манфаатлари давлат сиёсатининг марказида турганини англатади.
Конституциявий суд томонидан 2025 йилда 81 та қонун ва 386 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилгани конституциявий назоратнинг самарали амалга оширилаётганини тасдиқлайди. Бу ҳолат қонун ижодкорлиги жараёнида асосий Қонунимиз талабларига таяниш маданиятини янада мустаҳкамлайди.

Ахборотда илгари сурилган таклифлар келгуси ислоҳотларнинг ҳуқуқий йўналишини белгилаб берди. Коррупцияга қарши стандартларни кучайтириш, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилиш амалиётини жадаллаштириш, инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар юзасидан жамоатчилик назоратини кенгайтиришга оид ташаббуслар ҳуқуқий давлат қуриш мақсадига хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда Адлия вазири Акбар Тошқулов, Олий Суд раиси Бахтиёр Исмаилов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда миллий парламент аъзолари ўз чиқишлари билан иштирок этиб, қонун ижодкорлиги, суд-ҳуқуқ амалиёти ва прокурорлик назоратини Конституция талаблари асосида такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Уларнинг маърузаларида конституциявий қонунийликни таъминлашда давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада самарали олиб бориш устувор вазифа сифатида қайд этилди.

Якунда Конституциявий суд томонидан мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот тасдиқланиб, Олий Мажлис палаталари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилиши давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги ҳуқуқий ҳамжиҳатликни ифодалайди. Бу қарор Конституциянинг олий юридик кучга эга ҳужжат сифатида давлат ва жамият тараққиётини белгилаб берувчи асосий мезон эканини яна бир бор мустаҳкамлади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг