Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари

17:25 07 Февраль 2024 Жамият
125 0

Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси иштирокида Лойиҳа Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш лойиҳанинг 2023 йилдаги асосий натижалари тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш, лойиҳа томонидан ташкиллаштирилган Кичик Грантлар Дастури натижаларини тасдиқлаш ва 2024 йил учун иш режани муҳокама қилиш ва тасдиқлаш мақсадида ўтказилди.

Тадбирни Адлия вазири ўринбосари, Лойиҳанинг миллий координатори Музраф Икрамов очиб бериб, 2023 йил давомида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида кўплаб ишлар амалга оширилганлиги ва ушбу ишлар бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг самарали йўлга қўйилишида, ушбу соҳада фаолият олиб борадиган ННТлар фаолиятига кўмаклашиш орқали аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда БМТ ТД Ўзбекистондаги Доимий вакилининг ўринбосари Анас Карман, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси (Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон) Илкка Райзанен кириш сўзлари билан иштирок этиб, БМТ ТД ва Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашда ижобий натижа бераётганлиги, келгусида ушбу ҳамкорликни давом эттиришдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Тадбирда лойиҳа раҳбари Азамат Салаев сўзга чиқиб, лойиҳа доирасида 2023 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди, Кичик Грантлар Дастури натижалари муҳокама қилиниб, дастурда ғолиб бўлган ННТлар рўйхати эълон қилинди ва лойиҳанинг 2024 йил учун режалари муҳокама қилинди.

Лойиҳанинг Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йилда амалга оширган натижаларига кўра:

— бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун Кичик грантлар дастури ўтказилди;

— бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи ННТ ва юридик клиникаларнинг 2023 йилдаги фаолиятини баҳолаш бўйича танлов ташкил этилди;

— “Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам тизимини янада ривожлантириш концепцияси” ишлаб чиқилди;

— бепул юридик ёрдам соҳасида талабалар, адвокатлар ва ННТ ходимларига семинар, тренинг ва давра суҳбатлари ўтказилди.

— соҳани ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди, ўрганиш натижаси юзасидан қонунчилик ҳужжатларига таклифлар ишлаб чиқилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди;

— бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатадиган ННТларга нафақат амалий чора-тадбирларда балки моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилиб, бир нечта ННТлар зарур ахборот-коммуникация технология жиҳозлари билан таъминланди.

Тадбир давомида лойиҳани 2024 йилда амалга оширилиши кутилаётган режалари муҳокама қилиниб, 2024 йилда чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бепул юридик ёрдам билан таъминланиш даражасини янада ошириш орқали Ўзбекистонда Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш даражасини ошириш мақсад қилинди.

Диёра САИДОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг 2-босқич талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?