Қонун лойиҳасини кўриб чиқишда пандемия эҳтимоли мавжудлиги эътиборга олингани аҳамиятлидир

22:20 25 Ноябрь 2020 Жамият
818 0

Жорий йилда коронавирус пандемияси хавфини пасайтириш, халқимизнинг бу офатдан соғ-омон олиб чиқиш, талафотларни имкон қадар камайтириш борасида давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2020 йилги давлат бюджети параметрлари ижроси таъминланди. «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши эҳтимоли мавжудлигини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилгани аҳамиятлидир.

Чунки коронавирус пандемияси хавфи ҳали йўқолгани йўқ. Биз унинг ҳар қандай хуружларига тайёр туришимиз, зарур бўлганда аниқ чора-тадбирлар кўришимиз лозим.

Шу жиҳатдан олганда коронавирус пандемияси ва бошқа юқумли касалликларга ташхис қўйиш, тез аниқлашда вилоят марказлари, туманларда жиддий муаммолар мавжудлигидан кўз юма олмаймиз. Бу муаммо жойларда MRT диагностика аппаратларининг етишмаслиги билан боғлиқдир. Ўзим гувоҳ бўлганимдек, MRT аппаратлари хусусий клиникаларда мавжуд бўлиб, унга кўриниш учун аҳоли катта миқдорда пул сарфлашга мажбур бўлишяпти. Ночор оилалар бор, кам таъминланганлар, кўп болали оналар касаллик хавфи сезилганда MRT аппаратига қиммат бўлса ҳам, қарз-қавала қилиб, тушишга мажбур бўляпти.

Менинг таклифим – 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрларини белгилашда давлат бюджети ҳисобидан шаҳар ва туман касалхоналари MRT аппаратлари билан таъминланса, аҳоли учун катта қулайлик яратган бўламиз. Албатта, бу аппаратлар харид қилинса, нафақат коронавирусга, балки келгусида бошқа кўплаб касалликларга ташхис қўйишда ҳам фойдаланиш имконияти яратилади.

Мавлуда Ибрагимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?