Қонун лойиҳаси кун тартибидан нега чиқарилди?

19:09 07 Февраль 2022 Жамият
591 0

2022 йил 7 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Кенгаш аъзолари Қонунчилик палатаси фаолиятига доир бир қатор муҳим масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Кенгаш йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 февраль куни бўлиб ўтадиган мажлиси кун тартибидан ўрин олган масалалар бирма-бир кўриб чиқилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан турли фикрлар билдирилди. Қизғин ва амалий руҳда кечган мунозараларда ЎзЛиДеП ва “Адолат” СДП фракциялари қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволларга етарлича жавоб олинмагани ҳамда ундаги айрим нормалар жиддий эътирозларга сабаб бўлаётганини билдириб, уни қайта кўриб чиқиш таклифини илгари сурди. 

Шу боис, Кенгаш аъзолари мазкур ҳужжатни такомилига етказишни мақсадга мувофиқ, деб топдилар. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди.

Учта қонун лойиҳаси ва қўшимча масалалар кенгаш аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган бўлди. Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаевга “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари учун ажратилган маблағларнинг оқилона сарфланиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида” Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш, қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо, Фан, таълим, маданият ва спорт, шунингдек Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталарининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини тинглаш шулар жумласидандир.

Кенгаш аъзолари шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг ўтган йилда амалга оширган ишлари ҳақидаги ахборотни эшитдилар. Ҳисобот таҳлилий кўриб чиқилиб, танқидий баҳоланди. Институт фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?