Қонун билан телекоммуникация соҳасига янги имкониятлар берилмоқда

16:01 20 Декабрь 2023 Сиёсат
562 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Бугунги кунда дунёда йўлдош алоқанинг жадал суръатлар билан ривожланиши, ушбу соҳада янги технологияларнинг жорий этилиши республика ҳудудида Интернет ва замонавий сифатли алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга доир янги технологик имкониятларни яратмоқда.

Бироқ мамлакатимизда халқаро телекоммуникациялар тармоқларининг турларидан бири сифатида йўлдош алоқа тармоқларининг ривожланиши учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги, бундай фаолият тури билан шуғулланиш учун давлат божи миқдорининг юқорилиги ушбу алоқа воситасидан маҳаллий тармоқларда фойдаланишга, шунингдек, тоғли ва олис ҳудудларда Интернет ҳамда алоқа қамровини янада кенгайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга кўчма радиотелефон (радиотелефон, транкли) алоқага тааллуқли лицензияланадиган фаолиятнинг мавжуд кичик турлари республика ҳудудида кўчма йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш каби фаолият тури билан тўлдирилишини, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонун республика ҳудудининг юқори тезликдаги Интернет ва сифатли алоқа билан қамраб олинишини таъминлашга, йўлдош алоқа тармоқларини ривожлантиришга ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?