Қонун билан музейлар ва улар фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бир қанча янгиликлар киритилмоқда

16:49 21 Октябр 2021 Маданият
660 0

Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида сенаторлар “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни ҳам муҳокама қилдилар.

Мажлисда Учинчи ренессанс пойдевори қўйилаётган мамлакатимиздаги аввалги икки уйғониш даври ҳақида маълумотларга эга бўлиш учун ҳам фарзандларимиз, ёшлар, барча аҳолининг музейларга мунтазам боришини йўлга қўйиш ҳамда музейларимиз фондини бойитиб, моддий техника базасини изчил яхшилаб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: янги қонун қабул қилинишига қандай зарурат бор? Биринчидан, амалдаги қонунда музейлар томонидан хўжалик фаолиятини амалга ошириш, жумладан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаган.

Иккинчидан, ҳозирда давлат музейларига бюджет маблағлари асосан музей фаолиятини сақлаб туриш, қуриш ва таъмирлаш ишлари учунгина ажратилмоқда. Бу эса музейлар ўзлари топган даромадлари кўрсатиладиган хизматларининг сифатини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мослаштириш имконини бермайди. 

Учинчидан, амалдаги “Музейлар тўғрисида”ги Қонунда музей ҳудудида унинг ташкил этиш мақсадига зид бўлган ёки музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолиятни тақиқлаш масаласини тартибга солувчи қоида мавжуд эмас.

Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш, музейлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мослаштириш, уларнинг маҳаллий ташриф буюрувчилар ва туристлар учун жозибадорлигини ошириш учун ҳам ушбу Қонунни қабул қилиш зарурати пайдо бўлган.

Таклиф этилаётган ҳужжатда музей ҳудудида унинг ташкил этиш мақсадига зид бўлган ёки музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолият тақиқланиши ҳақида қоида киритилмоқда.

Музейларга таъсис ҳужжатларига мувофиқ даромадларини кўпайтириш мақсадида музей ашёлари ва музей коллекциялари хавфсизлигини таъминлаган ҳолда даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш хуқуқи берилмоқда.

Музейларга маданий мерос кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда устуворлик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида Озарбайжон, Қозоғистон Туркманистон, Украина, Россия давлатлари тажрибалари ўрганилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?