Қонун билан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими янада такомиллаштирилмоқда

16:16 24 Январь 2025 Сиёсат
482 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ялпи мажлисида “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш тамойили асосида қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 январдаги “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ни ПФ–11-сонли Фармони билан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.

Президент Фармони билан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берилган вазифалар ва ваколатлар Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг зиммасига бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилмоқда.

Ўз навбатида, Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга Департаментнинг жиноят ишлари бўйича терговни юритиш борасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Бюджет кодексига киритилаётган ўзгартишлар билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат молиявий назорати органларининг ваколатлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Давлат молиявий назорати инспекциясининг зиммасига юклатилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши соҳада қонунийликни, қонунлар нормаларининг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлашга, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?