Қўмита мажлисида сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи қонун муҳокама қилинди

Жорий йил 10 сентябрь куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари аъзолари иштирок этди.
Мажлисда «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда ахборот технологияларининг янги шакллари тобора ривожланиб бормоқда. Сунъий интеллект технологиялари барча соҳаларнинг самарали фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Дунё давлатлари ушбу йўналишга инвестицияларни кенг жалб қилишмоқда. Хусусан, 2023 йилда 154 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2 баробарга ошди, 2030 йилга бориб эса 10 баробарга ошиши прогноз қилинмоқда.
Сунъий интеллект бугунги кунда инсониятга кенг имконият тақдим этиш билан биргаликда, ижтимоий-сиёсий жараёнларга, хусусан инсон ҳуқуқларига ва шахсга доир маълумотлар дахлсизлигига таҳдидларни юзага келтира бошлади.
2023 йилда Интернетда сунъий интеллект ёрдамида ишлов берилган 1129 та ноқонуний материал тарқатилганлиги аниқланган.
Бунда аҳолининг ишончига кириш мақсадида мансабдор шахслар, йирик тадбиркорлар ва бошқа таниқли шахсларнинг қиёфалари ҳамда овозларидан фойдаланилган. Бу борадаги жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлувчи фаолиятлар тобора ортган.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги муносабатларни дастлабки қадам сифатида ҳуқуқий тартибга солиш аҳамиятини оширмоқда.
Шу муносабат билан амалдаги бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, қонунчиликда «сунъий интеллект» тушунчасига таъриф берилмоқда, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш тартиби, улар ёрдамида қонунга хилоф равишда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ОАВ ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга йўл қўймаслик мажбурияти белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда
сунъий интеллект воситасида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланиши назарда тутилмоқда.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг