Қўмита мажлисида кўп квартирали уйларни бошқаришга оид қонунга таклифлар муҳокама қилинди

11:09 27 Декабрь 2025 Сиёсат
240 0

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида кўп квартирали уйларни бошқаришга оид қонунга таклифлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қўмита аъзолари, Сенат девони ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ҳар томонлама таҳлил қилиниб, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси атрофлича ўрганиб чиқилган.

Рақамлаштириш ҳамда замон талабларига мос равишда кўп квартирали уйларни бошқариш амалиёти юзасидан олиб борилган таҳлиллар, шунингдек, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бошқарув органлари фаолияти амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тўлиқ ва аниқ тартибга солинмаганлигини кўрсатди.

Ўрганиш якунлари бўйича ишчи гуруҳ томонидан соҳани тартибга солишдаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда амалга ошириладиган хизматлар сифатини яхшилашга оид бир қатор таклифлар шакллантирилган.

Шундан келиб чиқиб, кўп квартирали уй-жойларни бошқариш соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳа фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Жумладан, қонун лойиҳасида 2019 йил 7 ноябрда қабул қилинган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги ЎРҚ–581-сонли Қонун янги таҳрирда қабул қилиниши назарда тутилмоқда.

Лойиҳага кўра соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш мақсадида 8 та янги модда қўшилиб, амалдаги 20 та моддага таҳририй тузатишлар киритиш назарда тутилган.

Сенаторлар мазкур қонунчилик таклифларининг келгусида амалиётга татбиқ этилиши кўп квартирали уйларни бошқаришда шаффофлик ва самарадорликнинг таъминланишига, бошқарув органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, рақамлаштириш ҳамда мулкдорларнинг фаол иштирокини таъминлаш орқали уй-жой фондини яхшилашга хизмат қилиши ҳақида фикр билдирдилар.

Муҳокама якунида қонунчилик таклифи сифатида Қонунчилик палатасига киритиш бўйича Сенат Кенгашига таклиф бериш юзасидан келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер