Қўмита мажлисида бир қатор муҳим қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди

09:45 15 Октябр 2025 Сиёсат
81 0

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, муҳокама қилинган «Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг мутлақо янги механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга совуқ қуролни ёки у сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

«Қурол тўғрисида»ги Қонунга эса оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноят содир этган шахсларни фуқаровий қуролни олиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда ҳимоя ордери берилган шахслардан ўқотар қуролни вақтинча олиб қўйишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Наркологик касалликлар тўғрисида»ги Қонунга мажбурий даволанишга жойлаштириш талабларини ўзгартириш ва олис ҳудудлардаги туманлараро тиббий комиссияларга мажбурий даволашга муҳтож деб топиш ҳуқуқини беришга доир қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Қўмита мажлисида «Ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий хизматга мажбурларнинг ва сафарбарлик чақируви резервида ойлик йиғинларни ўтаётган шахсларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Сенаторлар Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Бундан ташқари, Комплекс чоралар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси, қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ўзгармоқда, инфратузилма ва ҳарбий хизматчиларнинг шароитлари яхшиланиб, жанговар бўлинмалар имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузурида экспертлар гуруҳининг янги таркиби ҳам тасдиқланди.

Муҳокама якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?