Қўмита давлат органлари ва ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичларини таҳлил қилди

07:53 31 Август 2023 Жамият
348 0

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан вазирлик ва идораларнинг аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишга доир фаолияти доимий равишда ўрганилади ва мониторинг қилинади. 

Қўмитанинг жорий йил 29 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Унда сенаторлар, экспертлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Муҳокамада жами 73 та давлат органи ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичлари соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида таҳлил қилингани ва баҳолангани айтиб ўтилди. Баҳолаш натижаларига кўра, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, Фанлар академияси, Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларида мурожаатлар муддатидан кечиктириб ҳал этилаётганлиги, фуқароларнинг мурожаатларда кўтарилган масалалар ечимидан қониқиш даражаси пасайганлиги, такрорий мурожаатларнинг кўпайгани маълум бўлган.

Қайд этилганидек, йўлларни таъмирлаш, атрофни маиший чиқиндилардан тозалаш, иш билан таъминлаш, раҳбарнинг шахсий қабули, моддий ёрдам, субсидия каби масалалар билан боғлиқ мурожаатлар ортган.

Мажлис давомида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Тошкент ҳамда Наманган вилоятлари ҳокимликларининг соҳага масъул бўлган раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.

Қайд этилган камчиликлар бўйича Қўмита аъзолари ҳамда эксперт-мутахассислар томонидан кун тартибидаги масала бўйича мутасаддилар ҳисоботлари эшитилди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбирда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга қатъий риоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни тўғри ташкил этиш, тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаб, зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокамалар якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер