"Қўлим ва оёғим бўлмаса ҳам, вужудим, қалбим, ақлим саломат-ку!​" — "Жасорат" медалини олган уста ҳақида ҳикоя 

16:22 29 Август 2020 Жамият
2190 0

Дилмурод Жабборов Пискент туманидаги «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қилади. Туғма 1-гуруҳ ногирони бўлган Дилмурод ҳозир 37 ёшда. Жисмоний имкониятлардан чекланган бўлса-да, ғайрати, жасорати, иродаси, эртанги кунга бўлган умид ва ишончи айрим, тўрт мучаси соғ инсонлардан-да кучли. Шу туфайли маҳаллада, туманда ҳамма унинг турмуш тарзига ҳавас қилади. Сабаби Дилмурод эртаю кеч Яратганга шукроналар айтиб яшайди. Икки қўли ногирон бўлса-да, қўли бутун одамлардан ортиқроқ меҳнат қилиб ҳалол ризқ топади. Куни кеча унинг ҳаётида энг қувончли воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига асосан Жабборов Дилмурод Абдуқаюмович "Жасорат" медали билан тақдирланди.

—Ўғлим туғилганида шифокорлар "У бари бир узоқ яшамайди, ўзингизни қийнаманг, вақтида воз кечинг..." дейишганди. Қайси она фарзанди ҳақидаги бундай ҳукмга кўнади!? — деб ҳикоя қилади Меҳри Жабборова. —​Ўн йиллар давомида фарзандим дардига даво излаб пойтахт шифохоналарида юрганмиз. Оёқ-қўли ишламаса ҳам, жуда ақлли бола эди. Улғайиб, анча ақли кирган вақти бўлса керак, бир куни "Ойижон, мени деб йиғламанг, ҳали кўрасиз, баъзи соғлом одамлардан кўра яхшироқ инсон бўламан" деди. Шундан кейин унинг олдида ўзимни тутадиган, орзуларига етишига кўмаклашадиган бўлдим. 10-11 ёшларида қўлини яхши ишлата олмагани учун тишлари билан ҳар хил ўйинчоқларни бузиб, кейин қайта йиғишга уринар, буни кўриб, четга ўтиб йиғлаб олардим. Лекин ўғлим биз катталардан кўра иродалироқ бўлиб улғайди. Қийналса-да, тиши билан тирмашиб, оғзида отвёртка билан бузилган телевизор, радиоприёмникларни очиб, ичини ўрганиб, мустақил тузатишга ҳаракат қилар эди. Мана, ҳозир қишлоқнинг олди устаси! Даромади яхши, ҳатто кредитга укасига «Дамас» автомашинаси олиб берди.

Дилмурод биз билан суҳбатлашиб турса-да, бир дақиқа тиним билмасди. Кимнингдир бузилган телефонини очиб, тузатиб қўйди. Ҳатто смартфоннинг синган ойнасини янгилаб, ламинация плёнка ҳам қоплади.

—Бу касбни интернет орқали мустақил ўрганганман, —​ дейди у. — Роббимга шукр! Мени ёлғиз ташлаб қўймади! Рисқимга кенгчилик берди. Яқинда «Саховат ва кўмак» ҳаракатидан «Сизга ёрдам пули берайлик», —​деб келишда. Улардан қаттиқ ранжидим. Қўлим ва оёғим бўлмаса ҳам, вужудим, қалбим, ақлим саломат-ку!​

Маҳалла фаолларининг айтишича, одамлар идорага моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиб юрса, Дилмурод ҳалол меҳнат билан топган даромадидан эҳтиёжмандларга, масжидга тинимсиз хайрия қилади. Ҳаттоки бу йилги муборак Рамазон ойи арафасида ўзи компьютерда тақвим тайёрлаб, 300 дан ортиқ маҳалладошларига бепул тарқатибди.

—Пандемия чекловлари пайтида туманимиз ҳудудидаги дўконлар, интернет кафелар ёпилди, — дейди қаҳрамонимиз. — Бундай ҳолатда одамлар тақвим излаб сарсон бўлмасин деган илинжда бу ишга қўл урдим. Ҳаммаси хайрия учун эди. Бугун эртаю кеч бир мақсад — устахонамни кенгайтириш, шогирдларим сафини кўпайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш ҳақида ўйлайман.

Шу ўксик қалбимда ота-онамга, маҳалламга, Ватанимга, одамларга муҳаббатим доимо чексиз бўлган. Бугунги мукофот бутун вужудимни шодликка тўлдирди. Атрофимдаги одамларни доим қадрлашга ўрганганман. Уларга доимо меҳр кўрсатдим ва меҳр топдим! Ана шундай инсонлар яшайдиган жонажон Ўзбекистоним доим гуллаб яшнасин, барқарор бўлсин!

—Маҳалламиздаги ўн нафар болаларни текинга устачиликка ўргатяпти, —​ дейди Меҳри Жабборова. —​ Ҳатто байрамларда шогирдларининг уйларига совға-салом улашади. 

— Оёқ-қўли бутун, норғул тенгдошлари эшикдан қарз сўраб киришса, Дилмуродим уларга ёрдам сифатида пул бериб юборади. Нега бундай қиласан ўғлим, ўзи ишласин, десам, «Ойижон, мени Аллоҳим шунга қодир қилиб қўйибди-ку, шунисига шукр!» дейди, —​ дея кўзларига ёш олади онаизор.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(Халқ сўзи),

Манзура Рустамова,
Пискент тумани ҳокимлиги
ахборот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?