Қизилқумнинг аҳамияти йирик корхоналарга тенг мўъжаз цехи

18:32 10 Октябр 2025 Жамият
283 0

“Навоий уран” давлат корхонасининг “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони таркибидаги сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи 1985 йилнинг 20 октябрида ишга туширилган. Бор-йўғи цех мақомидаги корхона мамлакатимиз саноатида муҳим аҳамиятга эга.

— Цехнинг асосий вазифаси — уран маҳсулотини ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган сульфат кислотасини маҳаллий шароитда тайёрлаш ҳамда республика саноат тармоқларини ушбу муҳим кимёвий бирикма билан таъминлашдан иборат, — дейди "Учқудуқ" ишлаб чиқариш майдони сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Эрали Васиев. — Ишга туширилган пайтда цехнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 минг тоннани ташкил этган бўлиб, бу қувват ҳозиргача барқарор сақланиб қолган.

Бир сўз билан айтганда, ўтган қирқ йил мобайнида цехда жами 15 миллион 400 минг тоннадан ортиқ сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз кончилик саноати корхоналари ҳамда кимё-энергетика қувватларига етказиб берилди.

— 2011 йилдан цехимизда ишлаб чиқариш суръатларини сақлаган ҳолда асосий технологик ускуна ва қурилмалар тўлиқ реконструкция қилинди, — дея давом этади Э. Васиев. — Натижада ишлаб чиқариш қуввати ва самарадорлиги ошиб, сўнгги ўн йил мобайнида белгиланган режаларнинг 101–105 фоиз даражада бажарилиши таъминланди. Жорий йилда цехимизнинг 40 йиллик юбилейи муносабати билан ишлаб чиқариш режасини 107,8 фоизга бажаришни режалаштирмоқдамиз.

Цехда маҳаллийлаштириш дастури ҳамда инновацион лойиҳалар доирасида қуритиш-абсорбсия бўлими учун янги совутгичлар ишлаб чиқарилиб, қумоқли олтингугурт бўлими учун замонавий эритиш қурилмалари ўрнатилди. Чиқинди буғларидан қайта фойдаланиш орқали сув сарфини камайтирувчи конденсаторлар ва овозсўндиргичлар жорий этилди. Шунингдек, чиқинди буғидан фойдаланган ҳолда биноларни иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизими йўлга қўйилди. Геотехнологик конлар эҳтиёжлари учун “Ekstruder” қурилмалари ишлаб чиқарилиб, полиэтилен қувурлари тайёрлаш фаолияти йўлга қўйилди.

— Ҳозирда цехимизда техник қайта жиҳозлаш ва автоматлаштириш лойиҳалари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, — дейди Э. Васиев. — Шунингдек, техник жараёнларни автоматик бошқариш тизимлари замонавий талаблар асосида модернизация қилинмоқда. Фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги натижасида ишлаб чиқариш чиқиндиларидан қимматли элементларни қайта тиклаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилиб, лаборатория шароитида ишлатилган ванадий катализаторидан ванадий пентоксиди олиш технологияси яратилди. Бу йўналиш келгусида ишлаб чиқаришда хомашёдан тежамкор фойдаланиш ва янги маҳсулот турларини ўзлаштириш имконини беради.

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?