Қизилқумга “Баят” зотли қўйлар келтирилмоқда

16:02 18 Август 2025 Жамият
225 0

Дунё мўйна бозорида қоракўл териларга талаб пасайиши ва бошқа муайян сабаблар туфайли Навоий вилоятида чорвачилик хўжаликларининг иқтисодий беқарорлиги анча чўзилиб кетди. Чорва бош сони камайиб, олис овулларда ота-боболари касбини улуғлаб келаётган чўпонлар сулолалари оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолди. Қизилқум яйловлари самарадорлиги анчагина пасайди.

Мамлакатимиз Президенти 2024 йил 1 ноябрь куни “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар”га бағишлаб ўтказилган йиғилишда мазкур масалани таҳлил этар экан, Конимех тумани ҳокими ва Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига 2024-2026 йилларда Монголия давлатидан гўшт ва жун йўналишидаги қўй-эчкиларни олиб келиш вазифасини юклаган эди.

Ушбу топшириқлар ижроси доирасида ветеринар олимлар томонидан иқлим шароитимизга мос “Баят“ зотли қўйлар танлаб олинди. Ушбу қўйлар гўшт-жун йўналишида бўлиб, уларнинг тирик вазни 70-80 килограмм, қўчқорларининг вазни 100-120 килограммгача етади.

— 2024 йил якуни билан туманимизга 50 минг бош ушбу зотдаги қўйлар келтирилди, — дейди Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев. — Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг жорий йил июнь ойидаги Мўғулистонга давлат ташрифи доирасидаги эришилган келишувга мувофиқ ушбу давлатдан яна 100 минг бош қўй вилоятимизга олиб келиш белгиланган.

Имзоланган битимлар доирасида яқинда яна 10 минг бош “Баят“ зотли қўй Навоий халқаро аэропортида Қизилқум чорвадорлари томонидан қабул қилиб олинди. Бу қўйлар вилоятда яйловлардан самарали фойдаланишдан ташқари чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Жониворларнинг парваришини Конимех туманида тўғри ташкил этиш мақсадида омихта ем ва дағал озуқалар захираси яратилиб, тажрибали мутахассислар кузатуви ташкил этилди.

Монголиядан яна шу зотдаги қўйлар олиб келиш давом этмоқда. Шу йилнинг октябрь ойида 50 минг бош, ноябрь-декабрь ойларида эса яна 50 минг бош, 2025 йил якунига қадар 100 минг бош қўй келтирилиши кўзда тутилган. 2026 йилда яна 100 минг бош қўй олиб келинади.

Ўз навбатида Навоий вилоятидан Мўғулистонга қовун, тарвуз, мева ва узум экспорт қилиш йўлга қўйилди.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер