«Қишлоқ хўжалиги техникалари ва технологиялари — Агропро 2022» кўргазмаси соҳадаги кенг имконият ва салоҳиятни намойиш этди
Фото: Халқ сўзи
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида фойдаланишга топширилган “SOF EXPO SAMARKAND” халқаро кўргазмалар мажмуасида 2 март куни «Қишлоқ хўжалиги техникалари ва технологиялари — Агропро 2022» кўргазмаси очилган эди. Очиқ ва ёпиқ павильонлардан қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлари ва қўшимча қисмлари, интенсив суғориш тизими ва иссиқхоналар учун фойдаланиладиган қурилма ва материаллар, минерал ўғитлар, витаминлар, мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда узум кўчатлари, ветеринария препаратлари, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келаётган фермер хўжаликлари маҳсулотлари жой олган ушбу кўргазма 4 мартда ўз ишини якунлади.
— Кўргазмада юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди, — дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. — Илғор технологиялар, илмий ишланмалар, сув, энергия тежамкор технологиялар, янги уруғлар, ўғитлар ва аграр тармоқдаги бошқа янгиликлар борасида 3 кун мобайнида ҳар соатда турли тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, экспортёрлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган ўқув курслари, банк ва лизинг ташкилотлари ҳам ўз хизматларини таклиф этди.
— Қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштиришда бундай кўргазмаларнинг аҳамияти катта, — дейди Тошкент аграр университети Самарқанд филиали директори Шавкат Ҳасанов. — Бу кўргазмада кўплаб илмий жамоалар қаторида бизнинг олимларимиз ҳам кейинги йилларда яратилган ноанъанавий экинлар, инновацион ишланмалар, комбинацияланган сеялкалар, агрохизматлар билан иштирок этди. Бундан ташқари ток зараркунандаларига қарши курашиш, яна балиқлар учун «Азора» номли сув устида ўсадиган ўсимликдан фойдаланиш бўйича иккита лойиҳамизни тақдим қилдик.
Кўргазмага ташриф буюрган ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар бу ерда яратилган кенг имконият ҳамда шароитлардан фойдаланган ҳолда маҳсулотларини намойиш қилдилар. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган экспортбоп, импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотларни кўргазмага таклиф этилган вилоятдаги кластерлар ва фермер хўжаликлари мутахассислари, томорқа эгалари, маҳаллалардаги хоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
— Кўп йилдан буён Ўзбекистон бозорида сув тежовчи технологияларимиз билан қатнашамиз ва 2018 йилда Самарқандда корхонамизни очдик, — дейди “ACAR-MAC-SAN” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси директори Ваҳид Ажар. — Туркияда қандай замонавий технология амалиётга татбиқ қилинса, Ўзбекистонда ҳам жорий этяпмиз. Аслида ёмғирлатиб суғориш ҳосилдорликни оширади, томчилатиб суғориш эса нисбатан арзонроқ. Мамлакатингизда тупроқ хоссаларини ўрганиб, фермер ва кластер корхоналарига дуккакли ўсимликлар учун ёмғирлатиб, пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини тавсия этяпмиз. Биз шу ернинг ўзида маҳсулотлар хариди бўйича кўплаб келишувларга эришиб, икки томонлама шартномаларни ҳам имзоладик.
Уч кун давом этган «Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари – AGROPRO 2022» кўргазмасига 3 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг