Қирғизистон элчиси Янгиқўрғондаги қирғиз мактабига келди

13:15 18 Сентябр 2025 Жамият
100 0

Наманган вилоятида бўлиб ўтаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумида қатнашаётган Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов Янгиқўрғон тумани Нов маҳалласида жойлашган 56-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. 

Маҳаллада айни кунда 2700 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 80 фоизини қирғизлар ташкил этади. Таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мазкур мактабда бугунги кунда 86 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Қўшни мамлакат элчиси билим даргоҳида ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди, улар билан самимий суҳбатлашди.

— Биз азалдан қардош халқмиз. Бугун халқаро форумда иштирок этар эканман, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузасидан таъсирландим. Айниқса, мамлакатингизда бакалавриат босқичида таълим олаётган қиз-аёллар учун қулай муддатларга фоизсиз кредит берилиши ҳамда аёлларнинг магистратурада мутлақо бепул таҳсил олишлари мени қувонтирди. Бизда бир мақол бор, йигит кишининг илмли бўлиши ўзи учун, аёл кишининг илмли бўлиши эса нафақат унинг фарзандлари, оиласи, балки миллатнинг илмли бўлиши демакдир.  Шу нуқтаи назардан олганда бундай оқилона сиёсат, албатта, келажакда ўз мевасини беради, — деди учрашувда элчи жаноблари.

Маълумот учун, 56-умумтаълим мактабини 2024-2025 ўқув йилида битирган 4 нафар ўқувчининг бари олий таълим муассасаларида таҳсилни  давом эттирмоқда. 2026 йилда Инвестиция дастури доирасида мактаб учун янги, 120 ўринли бино ва спортзал қурилиши кўзда тутилган.

 Дуйшонкул Чотонов қирғиз ўқувчилари учун берилаётган эътибордан мамнунлигини ва агарда ўқувчиларда хоҳиш бўлса, мактабдан сўнг таълимни Қирғизистондаги олий таълим муассасаларида давом эттириши учун кўмак беришини таъкидлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ 
«Халқ сўзи».                                                                                                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?