Қимматбаҳо телефонларга «бошқоронғи» бўлаётган «ҳуқуқ посбонлари». ДХХ яна бир ҳолатни фош этди

10:38 14 Июнь 2024 Жамият
403 0

Иллюстратив фото

Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистонда ИИБ бошлиғи ўринбосарини пора устида қўлга олди.

Қорақалпоғистонда фуқарога тегишли сирни фош қилиб, уни мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда жавобгар қилмоқчи бўлган ИИБ мансабдори бу ҳаракатларни амалга оширмаслик эвазига фуқародан қимматбаҳо «iPhone 15 Pro Max» русумли телефон талаб қилган.

ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат қилган фуқаро Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосарини жавобгарликка тортишни сўраган.

Мурожаатчининг билдиришича, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, майор унвонига эга мансабдор унинг шахсий сирини билишини, агар унга «iPhone 15 Pro Max» олиб келмаса, ўша сирни фош қилиб, ўзини жавобгар қилмоқчилигини айтган.

Бундан қўрқиб кетган фуқаро ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосари фуқародан талаб қилинган «iPhone 15 Pro Max»ни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қимматбаҳо смартфонларни пора сифатида талаб қилиш ҳолати аввал учраган. Масалан, олдинроқ Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори Жиззах шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқарога муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси билан судланганлик ҳолатини ўзининг ваколатли ҳамкасби томонидан олиб ташлашни ваъда қилиб, ушбу «хизмати» учун 1000 АҚШ доллари ҳамда «Samsung S 24 Ultra» телефонини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер