Қашқадарёдаги бир йилда олти ой қиш бўладиган қишлоқдан фоторепортаж
Фото: "Халқ сўзи"
Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. Шаҳрисабз туманининг Сарчашма қишлоғи туманинг энг олис ва тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Туман марказидан 70 километр узоқликда, Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган бу қишлоқ ўзининг бетакрор табиати, анъана ва қадриятлари билан тилга тушган.
Сарчашмага бориш учун Мираки шаҳарчасидан сўнг аввал “Ҳисорак” сув омбори, сўнгра Оқсув дарёси бўйлаб анча машаққатли тоғ йўлини босиб ўтиш керак. Ёғин-сочинли кунларда эса бу йўллардан “Нива”, “УАЗ” ва бошқа шу каби махсус машиналарсиз ҳаракатланиш деярли имконсиз.
— Авваллари қишлоғимиз қиш фаслида ташқи дунёдан узилиб қоларди, — дейди “Сарчашма” МФЙ ёшлар етакчиси Жўрабек Чоршанбиев. — Бироқ сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг фаровон турмуш-тарзини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар бизнинг чекка қишлоғимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўтган йили маҳалламизга келадиган йўлнинг асосий қисмига асфальт қоплама ётқизилди. Яна яна тўрт километр атрофида носоз йўл қолган. Кунлар исиши билан бу йўл ҳам тузатилгач, ҳар қандай автомобилда ҳаракатланиш мумкин бўлади.
Маҳаллада бугунги кунда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда иккита давлат мактабгача таълим муассасаси, битта мактаб бор. Ўқувчиларнинг аксарияти мактабга сўқмоқ йўллар оша узоқ масофа босиб келади. Бироқ қийин шароитга қарамай ўқувчиларда илм олишга бўлган қизиқиш кучли.
— Шу вақтга қадар қишлоғимиздан бир нафар академик, бир нафар профессор, ўн нафар фан номзоди етишиб чиққан, — дейди маҳалладаги 57-мактаб директори Абдуваҳоб Бердиев. — Шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларида масъул лавозимларда ишлаётган қишлоқдошларимиз кўп. Уларнинг муваффақияти ёшларимизга доимо шижоат бағишлайди. Ўқувчиларимизда илм олишга, ота-оналарда фарзандини ўқитишга интилиш кучли.
Қишлоқ одамларининг айтишича, бу ерда қиш октябрдан бошланиб, олти ойдан ошиқ давом этади. Апрелнинг ўрталарига келиб совуқ ҳаво чекин бошлагач, барча хонадонлар дарҳол томорқа ерларига экин экишга киришади. Кўпчилик картошка етиштиришнинг пандини олган. Аҳолининг асосий даромад манбаи ҳам картошкачилик ҳисобидан. Шунингдек, сўнгги йилларда сарчашмаликлар боғдорчиликда ҳам юқори натижаларга эришмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг