Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди
Фото: Халқ сўзи
Муборак туманидаги Хўжа Равшан обидаси ҳудудида XIII-XIV асрларга оид қишлоқ харобалари топилди.
Бу ҳудуд Муборак газни қайта ишлаш заводи рўпарасида, қум барханлари билан ўралган бийдек далада жойлашган. Ҳудуддаги қадимий қабристон эса кўпчилик манбаларда таъкидлангани каби Хўжа Равшан эмас, балки Хўжа Рушноий деб аталиши маълум бўлди.

Ривоятларга кўра, Хўжа Рушноий жувозкашларнинг пири бўлиб, ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Ёруғлик, рўшнолик, хайрли амаллар тимсоли сифатида қадимдан қадрланиб келинган. Шунданми юртимизда Хўжа Рушноий номи билан боғлиқ қадимий манзилгоҳлар, зиёратгоҳлар, мақбара ва масжидлар, қишлоқ ва маҳаллалар жуда кўп.
Муборакдаги қабристоннинг Хўжа Рушноий номи билан аталиши ҳам бекорга эмас. Маҳаллий халқ орасида бу билан боғлиқ турли тахминлар, ривоятлар ҳам кўп экан. Қадимий қишлоқ харобалари эса ана шу қабристоннинг орқа томонидаги ҳудуддан топилган. Айни вақтда бу ерда Самарқанд археология институтининг бир гуруҳ тадқиқотчилари қазишма ишларини олиб боришмоқда.

— 1993-1995 йилларда устозимиз Абдусобир Райимқулов Муборак туманидаги “Занжирсарой” ёдгорлиги ҳудудида археологик қазишма ишларини олиб борган, — дейди археологик экспедиция раҳбари, Самарқанд археология институти иккинчи босқич докторанти Дилмурод Омонов. — У ана шу давр мобайнида Хўжа Рушноий археологик ёдгорлиги мажмуини ҳам кўриб, келгусида бу ерда қазишмалар олиб боришни ўзининг иш режасига киритиб кетган. Фақат жорий йилнинг август ойига келибгина биз бу ерда қазишма ишларини бошладик.
Дилмурод Омоновнинг таъкидлашича, археологик қазишма ишларининг дастлабки қисмида бу ердан топилган ашёлар қишлоқ XIII асрнинг охиридан XV асрнинг бошларига қадар мавжуд бўлганидан дарак беради.
— Бу топилманинг илмий қиммати шундаки, темурийлар даврида шаҳарларда ҳаёт қандай бўлганини ёзма манбалар орқали ҳам, археологик обидалар мисолида ҳам биламиз, — дейди у. — Аммо ўша даврда марказдан узоқ қишлоқларда маданий ҳаёт қандай бўлганини тасдиқловчи аниқ манбалар йўқ эди. Хўжа Рушноий археологик ёдгорлиги эса бу борада аниқ тасаввур беради. Ҳозирда бу ердаги уй-жойларнинг қурилиши, ҳунармандчилик устахоналари, топилган уй-рўзғор буюмлари, иш қуроллари, турли қаламдон ва шунга ўхшаш топилмалар XIII – XIV асрларда чекка қишлоқларда ҳам маданий ҳаёт гуллаб-яшнаганини кўрсатмоқда.

— Ҳозирга қадар 3-4 та хонадоннинг харобаларини очган бўлсак, уларнинг барчасида “дашнов”, яъни ювиниш хоналари мавжуд, — дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов. — Ушбу “дашнов”лар шундай маҳорат билан қурилганки, сув сопол қувурлар орқали ташқарига оқиб чиқиб кетган.
Қазишмалар давомида, шунингдек, икки-уч қаватли кул қатламлари, найза учлари ҳам кўп топилмоқда. Бу охирги маротаба қишлоқ душманлар томонидан вайрон этилиб, ёқиб юборилгани ва шу билан бу ерда ҳаёт тўхтаганини кўрсатади.
Айни пайтда археологлар қазишма ишларини давом эттирмоқда. Шундан сўнг барча топилмалар ўрганилиб, тўлиқ илмий хулосага келинади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг